Мирзиёев: “Дунёдаги мавжуд вазият бизга таъсир қилмайди” деб ўйлаётганлар қаттиқ адашади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бошланган видеоселектор йиғилишида дунёда юз бераётган иқтисодий ва савдо чекловларининг Ўзбекистонга таъсирини юмшатиш масалалари муҳокама қилинди.
Аввало, давлатимиз раҳбари глобал иқтисодий ҳолатга тўхталди.
“Ҳозирги дунё аввалгидек эмас. Гап тариф ёки уларни миқдорида ҳам эмас. Узоқ йиллар давомида давлатлар ўртасида барқарор муносабатлар ва ўзаро ишончни таъминлаган халқаро институтлар, улар ишлаб чиққан қоида ва нормалар бугун самарасиз бўлиб бораяпти.
Албатта, бу жараёнлар занжирли таъсир кўрсатиб, жаҳон иқтисодиётини секинлашуви ва халқаро савдони камайишига олиб келиши мумкин”, - деди Президент.
Биргина юқори тарифлар оқибатида халқаро савдо ҳажми 3,5 триллион долларга қисқариб, дунёдаги инфляция даражаси 7,5-8 фоизга кўтарилиши ҳақида прогнозлар берилмоқда.
“Уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорлари 10 триллион доллар йўқотгани биз учун қаттиқ “сигнал” бўлиши керак.
Энг катта хавф – пандемия даврида бўлгани каби дунё бўйлаб таъминот ва қиймат яратиш занжирларида узилишлар пайдо бўлишидадир.
Айниқса, бундай ҳолат жаҳон экспортида юқори улушга эга тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби “драйвер” тармоқларга катта зарба бериши мумкин”, - деди Президент.
Ўзига нисбатан энг катта импорт божлари қўйилган давлатлар эндиликда Ўзбекистон экспорт қилаётган йўналишларга ўзининг маҳсулоти билан кириш учун агрессив савдо сиёсатини юритиши мумкинлиги қайд этилди. Яъни, мамлакатимиз кириб борган ип-калава, мато, газлама, тайёр текстиль ва маиший техника бозорларида ҳам аёвсиз рақобат бўлади.
Гарвард университети таҳлилига кўра, ўтган беш йилда Иқтисодий мураккаблик индексида Ўзбекистоннинг ўрни 25 поғона яхшиланиб, 105-ўриндан 80-ўринга кўтарилди.
Бугунги кунда 162 турдаги миллий маҳсулотларимиз “дунё бозорларида рақобат устунлигига эга” деб эътироф этилаяпти.
Натижада охирги йилларда экспорт 2,2 баробар ошди. Ташқи савдо айланмаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 57 фоизга етди.
“Бу – иқтисодиётимиз ташқи бозорларга қанчалик боғлиқ эканини кўрсатадиган жуда катта рақам”, - деди Президент.
“Такрор ва такрор айтаман – “ҳозирги дунёдаги вазият бизга таъсир қилмайди” деганлар жуда катта хато қилади. Бундай шароитда фақат ўз кучимиз ва ички имкониятларимизга таяниб, дадил-дадил қадам ташлашимиз керак”, - деди давлатимиз раҳбари.
Лекин кўп раҳбарлар ҳали масаланинг жиддийлигини, 2 карра кўп ишлаш кераклигини билмаётгани, ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудудларни биринчи раҳбарлари аниқ-аниқ режа қилиб, ишлаб чиқариш, экспорт билан ўзи шахсан шуғулланиши шарт ва зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бир ҳафта давомида мутасаддилар 3 мингдан зиёд тажрибали тадбиркорлар билан учрашди. Ишбилармонлар халқаро бозорлардаги тебранишларга мослашиш учун тезда ҳал қилиш керак бўлган янги-янги масалаларни қўймоқда. Вазирлар, ҳокимлар, банк ва тармоқ раҳбарларига саволлар кўп.
Айрим раҳбарлар тенденцияларни ўрганиб, хатарларни тўғри баҳолаб, тадбиркорларга йўл очиш ўрнига ўзлари тўсиқ бўлаётгани танқид қилинди.
Бундайларга нисбатан қаттиқ чора кўрилиши қайд этилди.
Стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимидаги эскирган талаблар ва бюрократия тадбиркорларнинг “қўлини боғлаётгани”, соҳада коррупцияни келтириб чиқараётгани кўрсатиб ўтилди.
25 мингдан ортиқ стандарт, 41 та техник регламент халқаро бозор талабларига мос келмайди. Ҳозирда 13 мингга яқин турдаги товарнинг 6,5 минги мажбурий сертификатланади, бу эса таннархни оширади.
“Вазирлар, ҳокимлар қачон тадбиркорларни эшитиб, қайси стандартни янгилаш, қайси бирини бекор қилиш, нима маҳсулотни мажбурий сертификация рўйхатидан чиқаришни ўйлаб кўрди? Афсуски, бунга ижобий жавоб йўқ”, - дея қатъий эътироз билдирди Президент.
Хусусан, инвесторлар мамлакатимиздаги кўп лабораториялар талабга жавоб бермаслиги, ривожланган давлатлар стандартлари эса тан олинмаётганини айтмоқда.
Ҳозирги тизимда сертификатлаш органлари бир пайтнинг ўзида бозор назоратини ҳам олиб бораётгани, бу эса манфаатлар тўқнашувига олиб келаётгани қайд этилди.
Президентимиз сертификатлаштириш тизимидаги айрим муаммоларни санаб, уларнинг ечимларини айтди.
Таъкидланганидек, сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзининг маҳсулотига Санэпидқўм хулосасини олиш тизимидан норози.
Масалан, йилига 100 миллион долларлик болалар озуқаси импорт бўлмоқда. Лекин замонавий ускуна келтириб, завод қурган тадбиркор Санэпидқўм хулосаси йўқлиги учун ишлаб чиқаришни бошлай олмаяпти. Хулоса бериш учун эса стандарт йўқ.
Қўмита раҳбарияти “бу маҳсулотга бизда стандарт йўқ”, деб кутиб ўтирмасдан, ўзи ташаббус қилиб, тадбиркор билан бирга стандарт ишлаб чиқмаётгани танқид қилинди.
Айрим туман санэпидхизматлари ҳалигача тадбиркордан битта маҳсулотнинг ҳар хил қадоқланган партиясини алоҳида синовдан ўтказишни талаб қилмоқда. Бу қўшимча вақт, қўшимча харажат талаб қилади.
Бир вақтда тайёрланган маҳсулотнинг ҳар хил ҳажмда қадоқланиши сифатга нақадар алоқадор экани савол уйғотади.
Шунингдек, минерал сув ишлаб чиқарувчилар 45 та кўрсаткич бўйича хулоса олиши керак. Тадбиркорлар шунинг 43 таси учун Санэпидқўм тизимидаги лабораторияларга, қолган 2 таси бўйича бошқа лабораторияга бормоқда.
Қўмитага ҳамма текширувни битта жойда ташкил қилиш топширилди.
Мева-сабзавот ва дуккакли экинлар сифатини текшириш учун ҳам 3 та ташкилотнинг лабораториясига бориш керак. Энг ёмони, бу лабораторияларнинг хулосаси ривожланган давлатларда тан олинмайди.
Шу боис экспортчилар қиммат бозорга чиқишдан олдин сертификат олиш учун хорижга намуна жўнатаяпти.
Мутасаддиларга шу пайтгача бирорта халқаро тан олинган лабораторияни олиб келмагани, эскирган устма-уст сертификатлаш амалиёти ҳалигача давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
Салқин ичимлик ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар четдан келадиган витринали совуткичларни сертификациялаш жараёни 3 ойгача чўзилаётганини айтмоқда.
Курьерлик хизмати корхоналари мопед олиб келиб, одамларни ишли қилаётгани, лекин мопеднинг ўзи 300 доллар турса, уни стандартдан ўтказиб, сертификат олишга яна шунча маблағ кетаётгани кўрсатиб ўтилди.
Хусусий клиникалар “Ўзбекистонга илк бор олиб келинаётган айрим тиббий ускуналарни Фармқўмитада рўйхатдан ўтказиш харажати уларнинг нархидан 10 карра қиммат”, демоқда. Шунингдек, қўмитада оддий термометрни ҳам, МРТ ускунасини ҳам рўйхатдан ўтказишга 4-5 ой вақт кетмоқда.
Давлатимиз раҳбари бундай тўлов ва тартиботлар мутасаддилар томонидан нақадар чуқур ўйланганини савол остига қўйди.
“Бу ёндашув тўғрими? Албатта йўқ. Мураккаблиги ва хавфлилик даражасига қараб, тиббий ускуна, тиббий буюм ва дори-дармон учун алоҳида-алоҳида муддат белгилаш керак”, - деди Президент.
Президент сертификатлаштириш ва стандартлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини белгилаб берди.
Алоҳида фармон билан Техник тартибга солиш агентлиги, Санэпидқўм, Ветеринария қўмитаси, Карантин агентлиги каби идораларнинг маҳсулотга хулоса бериш ваколатлари аниқ белгилаб берилади.
Бунда такрорланувчи ва устма-уст тартиблар босқичма-босқич бекор қилинади. Масалан:
- озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлиги назорати билан фақат Санэпидқўм шуғулланади;
- озиқ-овқат учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади;
- қўмита асосий озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича санитария қоидалари ва нормаларини халқаро талабларга – Кодекс Алиментариусга мувофиқлаштиради.
Бошқа тизимлар ҳам худди шу тартибда қайта кўриб чиқилади.
Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган 7 та товар гуруҳидаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти бекор қилинади.
Сертификат олиш мажбурий бўлган товарлар рўйхатини кескин қисқартириб, маҳсулот мувофиқлигини декларациялаш амалиёти жорий қилинади.
Асбоб-ускуна, хомашё, махсус техника, транспорт импортида мамлакатимизда тан олинадиган хорижий юқори сифат ва назорат тизимлари мезонлари ишлаб чиқилади, улар импорт қилинаётганда миллий сертификат олиш талаб қилинмайди.
“Бир сўз билан айтганда, биз маҳсулотларнинг бозорга киришини енгиллаштириб, уни реализациясидаги назоратни кучайтирамиз. Бу халқаро амалиётда ўзини оқлаган”, - деди президент.
Мутасаддиларга “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.
Умуман, синов ва сертификатлаштириш бўйича давлат лабораториялари хусусий секторга инвестиция киритиш шарти билан берилса, соҳада сифат ва рақобат бўлиши, хизмат нархи тушиши кўрсатиб ўтилди.