Минскда Ўзбекистон-Беларус Ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 18 июнь куни Минск шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Очилбой Раматов ва Беларусь Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Юрий Шулейко ҳамраислигида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 11-йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ҳалимжон Сафаров ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги товар айланмаси 2024 йилда 620,1 млн. долларга етган (+14,8%). Асосий экспорт товарларига саноат маҳсулотлари, тайёр маҳсулотлар, озиқ-овқат ва транспорт ускуналари киради. Импорт асосан озиқ-овқат, машиналар, кимё маҳсулотлари ва саноат хомашёсидан иборат.
Тадбир давомида саноат кооперацияси, транспорт алоқаси, қишлоқ хўжалиги, ҳудудлараро шериклик, соғлиқни сақлаш, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик каби соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни изчил ривожлантиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар. Шунингдек, Ҳукуматлараро комиссияси 11-йиғилишининг якуний баённомаси имзоланди.