Миллий экспертлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиёт ва истиқболларни таҳлил этмоқда
Миллий экспертлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиёт ва истиқболларни таҳлил этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 18, 19 ва 21 ноябрь кунлари Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида Универсал даврий шарҳ (УДШ) механизмининг 4-цикли доирасида Ўзбекистон Республикаси томонидан олинган тавсияларни амалга ошириш бўйича Миллий оралиқ ҳисоботни тайёрлашга бағишланган минтақавий семинарлар ўтказилади.
Тадбирлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси кўмагида ташкил этилмоқда.
Минтақавий учрашувлар туркуми УДШ тавсияларининг миллий ва минтақавий даражаларда бажарилишини муҳокама қилиш, эришилган натижалар ва мавжуд муаммоларни таҳлил этишга қаратилган. Шунингдек, Ўзбекистон 2026 йилда тақдим этадиган Миллий оралиқ маъруза лойиҳаси учун таклифлар ишлаб чиқилади.
Тадбир доирасида УДШ тавсиялари, БМТнинг шартномавий органлари ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятлари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача мўлжалланган янги Миллий стратегияси лойиҳаси ҳам муҳокама қилинмоқда.
Семинар иштирокчилари олдида сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов УДШ механизмининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий халқаро восита сифатидаги аҳамиятини таъкидлади.
У БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси Умар Знибернинг таърифини эслатди. Ушбу таърифга кўра, УДШ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича глобал ҳамкорлик механизми бўлиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Миллий марказ директори қайд этганидек, айнан УДШ туфайли инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор тажриба бутун дунё бўйлаб тарқалмоқда. Бугунги кунда самарадорлик борасида унга тенг келадиган бошқа универсал механизмлар мавжуд эмас.
Семинар иштирокчилари олдида сўзга чиққан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Омер Фишер УДШ доирасида оралиқ маъруза тақдим этишнинг алоҳида аҳамиятига эътиборни қаратди. Унинг таъкидлашича, оралиқ маърузада стратегик аҳамиятга эга учта асосий омил мавжуд бўлади:
биринчидан, оралиқ маърузанинг тақдим этилиши давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мулоқотга очиқлигини кўрсатади;
иккинчидан, уни тайёрлаш давлат органлари ва фуқаролик жамияти ўртасида мазмунли фикр алмашиш учун майдон яратади, мустақил баҳолар ва тавсияларни ҳисобга олиш имконини беради;
учинчидан, ушбу ҳужжат УДШ механизми бўйича навбатдаги миллий маъруза учун мустаҳкам асос бўлади ва уни ишлаб чиқувчилар ишини сезиларли даражада енгиллаштиради.
Тадбир давомида УДШ ва БМТнинг шартномавий қўмиталари тавсияларини инобатга олган ҳолда, 2020 йил июнь ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилингани таъкидланди. Стратегия инсон ҳуқуқлари соҳасида давлатнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Улар орасида яшаш ва соғлиқни сақлаш ҳуқуқини таъминлаш, гендер тенгликни мустаҳкамлаш, ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва қийноқларга қарши муросасиз кураш каби муҳим йўналишлар мавжуд.
Ушбу тизимли ишларнинг мантиқий давоми сифатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан 2026-2030 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Семинарларда Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳокимияти органлари, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари давлат органлари вакиллари, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлари ва вилоят судлари судьялари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Иштирокчиларга УДШ механизми доирасида олинган тавсиялар, Миллий оралиқ ҳисоботнинг тузилиши ва мазмуни ҳақида маълумот бериляпти. Жойларда тавсияларни амалга оширишдаги асосий ютуқлар ва муаммолар ҳам таҳлил қилинмоқда.
Муҳокамалар якунлари бўйича иштирокчиларнинг таклиф ва хулосалари УДШ доирасида Ўзбекистон Республикасининг Миллий оралиқ маърузаси лойиҳасига киритилади. Якуний ҳужжатни 2026 йил март ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этиш режалаштирилган.