Миграция агентлиги огоҳлантиради: хорижда ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганлик учун қамоқ жазоси қўлланилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миграция агентлиги фуқароларни чет элда қуролли можароларда қатнашишдан қатъий равишда тийилишга чақириб, бундай ҳолат учун жиноий жавобгарлик белгиланганини эслатди.
Идора маълумотига кўра, айрим давлатларда меҳнат мигрантларини ҳарбий ҳаракатларга жалб қилиш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Фуқароларга қатъий равишда таъқиқланади: ҳарбий ҳаракатлар ҳудудларига яқинлашиш, ҳарбий операцияларда иштирок этиш, хорижий давлатларнинг қуролли кучлари, хавфсизлик тузилмалари, ҳарбий адлия органлари ёки бошқа куч тузилмалари сафида хизмат қилиш, шунингдек, шубҳали ёллаш таклифларини қабул қилиш.
Шубҳали вазиятлар юзага келганда, дарҳол Ўзбекистоннинг дипломатик ва консуллик муассасаларига ёки Миграция агентлиги ваколатхоналарига мурожаат қилиш тавсия этилади.
Жиноят кодексининг 154¹-моддасига кўра, чет элда ёлланма асосида ҳарбий хизмат ўташ 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини назарда тутади.