MIGA ва ODDO BHF Ўзбекистон Микрокредитбанки учун савдо молиялаштиришни бошладилар
MIGA ва ODDO BHF Ўзбекистон Микрокредитбанки учун савдо молиялаштиришни бошладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки гуруҳи таркибидаги Кафолат платформаси жойлашган Инвестицияларни кафолатлаш бўйича кўп томонлама агентлик (MIGA) ва ODDO BHF молиявий гуруҳи (Германия) экспорт-импорт битимлари бўйича тўловларнинг амалга оширилмаслиги хавфини қоплашга қаратилган савдо молиялаштиришини кафолатлаш бўйича Рамка келишувини имзолади. Ушбу ҳамкорлик доирасида «Микрокредитбанк» АТБ (Ўзбекистон) томонидан қисқа муддатли, қайта тикланувчи савдо кредитлари тақдим этилади.
МИГА кафолатлари остида ODDO BHF томонидан 50 млн долларигача бўлган молиялаштириш «Микрокредитбанк» АТБга экспорт-импорт фаолияти билан шуғулланувчи микро, кичик ва ўрта корхоналар (МКОК), шунингдек, корпоратив мижозларга кредитлар ажратиш имконини беради. Мазкур молиялаштириш доирасида банк кредитларнинг 70 фоизини МКОКларга, 50 фоизини аёлларга тегишли корхоналарга ҳамда 21 фоизини экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрларни молиялаштиришга йўналтириш мажбуриятини олган.
Халқаро савдо Ўзбекистон иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади ҳамда иқтисодий ўсиш, бандлик ва халқаро рақобатбардошликка салмоқли ҳисса қўшади. Бироқ мамлакат ҳануз савдо молиялаштиришида сезиларли танқисликка дуч келмоқда — у 4 млрд долларига баҳоланади. Кичик бизнес учун умумий молиялаштириш танқислиги (савдо ва бошқа молиялаштириш турлари бўйича) 10,5 млрд долларини ёки ЯИМнинг қарийб 16 фоизини ташкил этади. Ушбу молиялаштиришдаги узилишларни бартараф этиш халқаро савдонинг барқарор ўсиши ва Ўзбекистонда иш ўринлари яратиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
MIGAнинг ODDO BHF ва «Микрокредитбанк» АТБ билан ҳамкорлиги маҳаллий импортёр ва экспортёрларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. MIGA кафолати Ўзбекистон билан халқаро савдони ривожлантиришга ҳамда бизнесни кенгайтириш учун молиялаштиришга муҳтож корхоналар учун кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.