Металлургия саноати ҳажми 206 трлн сўмдан ошди
Металлургия саноати ҳажми 206 трлн сўмдан ошди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида Ўзбекистонда металлургия саноати маҳсулотлари ҳажми 206 трлн сўмдан ошди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу даврда соҳа корхоналари томонидан 206,9 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 фоизга кўпдир.
Умумий ҳажмда энг катта улуш Навоий вилояти ҳиссасига тўғри келиб, бу ерда металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 118,8 трлн сўмни ташкил этди.
Салмоқли кўрсаткичлар Тошкент вилоятида ҳам қайд этилди — 57,6 трлн сўм, Тошкент шаҳрида эса 20,8 трлн сўм.
Самарқанд вилоятида ишлаб чиқариш ҳажми 6,1 трлн сўмга, Наманган вилоятида эса 1,1 трлн сўмга етди.
Сирдарё вилоятида ишлаб чиқариш ҳажми 937,4 млрд сўмни, Фарғона вилоятида 340 млрд сўмни, Жиззах вилоятида 300,2 млрд сўмни, Сурхондарё вилоятида 283,3 млрд сўмни, Қорақалпоғистон Республикасида 204,1 млрд сўмни, Бухоро вилоятида 190,6 млрд сўмни ва Андижон вилоятида 128,8 млрд сўмни ташкил этди.
Хоразм вилоятида ишлаб чиқариш ҳажми 63,5 млрд сўм, Қашқадарё вилоятида эса 36,9 млрд сўм бўлиб, нисбатан камроқ кўрсаткичлар қайд этилди.