Валюта курслари 01/08/2025
$1 – 12692.42
UZS – 0.8%
€1 – 14511.24
UZS – -0.24%
₽1 – 158.44
UZS – 3.0%
Қидириш
Ўзбекистон 02/08/2025 Медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган Қонун муҳокама қилинди

Медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган Қонун муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда республикамизда ҳуқуқни ҳимоя қилиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг вақт ва маблағини тежаш, турли қоғозбозликларнинг олдини олиш, низоларни тарафларнинг ярашувига асосан тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган ҳуқуқ институтлари, хусусан, медиация институти, шунингдек ҳакамлик судлари томонидан низоларни судгача ҳал қилиш амалиёти йўлга қўйилганлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.

2019 йилда қабул қилинган “Медиация тўғрисида”ги Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 июндаги “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янги босқични бошлаб берганлиги қайд этилди.

Бироқ судларда иш ҳажми йилдан йилга ортмоқда, судга қадар ва ёки суд муҳокамасининг босқичида медиатив келишувлар сони эса атиги 4,2 фоизни ташкил қилади, бу медиациянинг таъсир доирасини кучайтириш, соҳага ишончни янада ошириш зарурлигидан дарак беради.

Мазкур Қонун ушбу масалаларнинг ҳуқуқий ечими сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, “Медиация тўғрисида”ги, “Нотариат тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Солиқ ҳамда Оила кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунда нотариусга “Медиация тўғрисида”ги Қонунда белгиланган тартибда чекланмаган медиатор вазифасини бажариш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, “Медиация тўғрисида”ги Қонун янги боб билан тўлдирилиб, медиация соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб Адлия вазирлиги белгиланмоқда. Унда Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида медиацияга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиши, медиаторларнинг касб этикаси қоидаларини, уларнинг касбий малакасини ошириш тартибини ҳамда медиаторларни тайёрлаш дастурларини тасдиқлаши, шунингдек қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида медиация қўлланиладиган соҳалар доираси кенгайтирилиб, медиаторларнинг нопрофессионал тури чиқариб ташланмоқда ва медиаторларга олий маълумотли бўлиш талаби қўйилмоқда. Медиаторларнинг ҳар уч йилда малакасини ошириш зарурати, медиаторларнинг малака комиссиялари ташкил этилиши, медиатив келишувни мажбурий ижро этишга оид қоидалар киритилмоқда.

Сенаторлар ушбу Қонуннинг қабул қилиниши низоларни судгача ҳал қилиш механизмларининг амалиётда самарали ишлашини таъминлашга, медиация соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш орқали судларда иш юкламасини камайтиришга, шунингдек, Ўзбекистонинг бизнес юритиш соҳасидаги халқаро рейтингдаги даражасини ва инвестицион имижини халқаро даражада юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг