Марказий Осиёда илк бор агриволтаика лойиҳасига старт берилди
Марказий Осиёда илк бор агриволтаика лойиҳасига старт берилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида халқаро ҳамкорлик доирасида навбатдаги муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ва қайта тикланувчи энергия соҳаларини уйғунлаштирган агриволтаика лойиҳаси илм-фан ва инновацияларни бевосита амалиётга жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур лойиҳа Франциянинг яшил энергетика йўналишида фаолият юритувчи “Voltalia CA” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Агриволтаика технологияси орқали бир вақтнинг ўзида электр энергияси ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш имконияти яратилади. Бу эса ер ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, илмий тажрибаларни кенгайтириш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Лойиҳанинг очилиш тадбирида Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Қосимов, шунингдек, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Уалид Фук иштирок этди. Тадбир давомида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, яшил энергетика ва аграр илм-фанни уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Тошкент илмий-тажриба станцияси ҳудудида синов тариқасида 800 кВт қувватга эга яшил энергия ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилмоқда. Ушбу лойиҳа 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант асосида амалга оширилиб, қуёш панеллари остида сабзавот, картошка ва полиз экинларини етиштириш бўйича илмий тажрибалар олиб борилади.
Лойиҳа доирасида институт ҳудудидан 1 гектар ер майдони ажратилиб, томонлар ўртасида инвестицион шартнома имзоланди.
Таъкидланишича, мазкур агриволтаика лойиҳаси қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишларининг амалий самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.