Марказий Осиёда айланма иқтисодиётни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Марказий Осиёда айланма иқтисодиётни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Марказий Осиёда айланма иқтисодиётни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Европа Иттифоқининг “SWITCH-Asia” дастурини амалга ошириш бўйича делегацияси ҳамда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда бизнес етакчилиги, инновациялар ва инвестициялар орқали айланма иқтисодиётни кенгайтириш” мавзусида учинчи минтақавий мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда Сенат аъзолари, Марказий Осиё давлатлари парламентлари вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази экспертлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Мулоқот доирасида Марказий Осиё минтақасида айланма иқтисодиёт тамойилларини миллий даражада жорий этиш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари айланма иқтисодиётни ривожлантиришда узоқ муддатли минтақавий экологик бошқарувни самарали йўлга қўйиш ҳамда тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда парламентларнинг ролига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шу билан бирга, қонунчилик ташаббусларини такомиллаштириш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, иштирокчилар бизнес, инвестициялар ва инновациялар орқали иқтисодиётни трансформация қилиш, ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, ҳамда чиқиндилар ҳажмини камайтиришга қаратилган сиёсий чоралар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Муҳокама чоғида сенаторлар Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида айланма иқтисодиёт соҳасида парламентлараро ва институционал ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда қонун чиқарувчи органларнинг масъулиятини ошириш муҳим эканини таъкидладилар.

Тадбир якунида иштирокчилар айланма иқтисодиётни амалга ошириш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ва инвестицияларни жалб қилиш орқали минтақавий иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг