Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида таҳлил марказлари мутахассисларининг 9-форуми ўтказилди
Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида таҳлил марказлари мутахассисларининг 9-форуми ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) ходимлари декабрь ойи бошида Урумчи шаҳрида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида таҳлил марказлари мутахассисларининг 9-форуми (CAREC Think Tank Development Forum) да иштирок этди.
Унда асосий эътибор минтақавий ҳамкорлик, "яшил иқтисодиёт" ва инновацион молиялаштиришни ривожлантиришга қаратилди. Форумнинг дастлабки сессияларида инновацион молиялаштириш моделлари, “яшил банк" ташаббуслари, барқарор кредитлаш тажрибалари ва иқлим молияси каби мавзулар таҳлил қилинди. Муҳокамаларда МҲТИ етакчи мутахассиси Нодира Жабборова ҳам фаол иштирок этди ва CАREC Таҳлил марказлари тармоғи (CТТN) ни ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни билдирди.
Шунингдек, Урумчи шаҳрида Тянь-Шань Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлик форуми ҳам ўтказилди. У минтақавий иқтисодий интеграция, транспорт, савдо ва инвестиция соҳаларида алоқаларни ривожлантиришга бағишланди ва ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгиланди. Марказий Осиё молиявий ҳамкорлик тадқиқот марказининг очилиши форумнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Ушбу янги марказ аъзо давлатлар ўртасида молиявий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Маълумот учун: CАREC дастури – бу минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган дастур. Унда Афғонистон, Озарбайжон, Хитой, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иштирок этади. Дастур 1997-йилда Осиё тараққиёт банки томонидан ташкил этилган.