“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи парламентлараро форумининг Қўшма баёноти қабул қилинди
“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи парламентлараро форумининг Қўшма баёноти қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир минтақа ва Европа ўртасидаги парламент дипломатиясини тизимли тарзда ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун самарали мулоқот майдонига айланди.
Форум очилиши маросимида Содиқ Сафоев ўз сўзида мазкур формат парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, ишончни ошириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қиладиган муҳим платформа эканини таъкидлаб ўтди.
Бир йил олдин Самарқандда ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити минтақалараро ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига олиб чиққани қайд этилди. Форум айнан ўша саммитда илгари сурилган ташаббуслардан бири бўлиб, бугунги муносабатлар янги, сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилгани таъкидланди.
Европа парламенти раиси ўринбосари Кристель Шальдемозе Европа Иттифоқининг Марказий Осиё билан ҳамкорлиги кенг қамровли бўлиб, кўп томонлама ҳамкорлик, эркин савдо ва демократия тамойилларига асосланган барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилганини қайд этди.
Марказий Осиё ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича Европа парламенти делегацияси раҳбари, Европа парламенти депутати Джузи Принчи парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш, барқарор ривожланиш ва қонун устуворлигини таъминлашда ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканига эътибор қаратди.
Бундан ташқари, очилиш маросимида сўзга чиққан Қозоғистон Парламенти Мажилиси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Айгуль Куспан, Тожикистон Мажлиси Намоёндагон Мажлиси Оли раисининг ўринбосари Мавсума Муини, Туркманистон Меджлиси Халқаро ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Максат Кулиев, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенешининг Фан, таълим, инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари, маданият, спорт ва ёшлар ишлари қўмитаси раисининг ўринбосари Салтанат Аманова минтақалараро шерикликни янада чуқурлаштириш зарурлигига урғу берди.
Сиёсий мулоқотни ривожлантириш, парламент дипломатиясининг ролини кучайтириш ва ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Форум ўз ишини сессиялар доирасида давом эттирди. Биринчи сессия “Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг бугунги ҳолати ва унинг истиқболлари” мавзусига бағишланди. Сессияда сўзга чиққанлар 2025 йилдаги Самарқанд саммити доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда парламент дипломатиясини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Иккинчи сессияда иқтисодий ўзаро боғлиқлик, барқарор ўсиш ва “яшил” трансформация масалалари муҳокама қилинди. Бунда транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш каби йўналишлар атрофлича кўриб чиқилди.
Учинчи сессияда эса қонун устуворлиги, рақамли трансформация ва инклюзив бошқарув масалаларига эътибор қаратилди. Хусусан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, рақамли маконда хавфсизликни кучайтириш ва замонавий технологияларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масалалари диққат марказида бўлди.
Форум якунида тадбир доирасида илгари сурилган ташаббус ва келишувлар акс этган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи парламентлараро форумининг Қўшма баёноти қабул қилинди.