Валюта курслари 20/08/2025
$1 – 12524.92
UZS – 0.22%
€1 – 14630.36
UZS – 0.22%
₽1 – 155.96
UZS – 0.16%
Қидириш
Молия 20/08/2025 Марказий банк парламентга банк тизимини ислоҳ қилиш ва ўзгартириш бўйича ҳисобот тақдим этди

Марказий банк парламентга банк тизимини ислоҳ қилиш ва ўзгартириш бўйича ҳисобот тақдим этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда Марказий банк раиси Т. Ишметовнинг “Банк тизимини ислоҳ қилиш ва тижорат банкларини трансформация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар”га оид парламент сўровига жавоби атрофлича муҳокама қилинди.

Сўровда давлат улушига эга банкларни трансформация қилиш, халқаро стандартлар ва ахборот технологияларини жорий этиш, хорижий инвесторларни жалб қилиш, банк хизматлари қамровини кенгайтириш, молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда коррупциявий омилларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди.

Марказий банк жавобида қайд этилганидек, 2020 — 2025 йилларда 3 та банк хусусийлаштирилиб, 9 та янги хусусий банк, шу жумладан 3 та хорижий молия муассасаси фаолияти йўлга қўйилган. Бунинг натижасида давлат улушига эга банклар активлари улуши 85 фоиздан 65 фоизгача қисқарган.

Депутатлар парламент сўровига олинган жавобда келтирилган натижаларни ижобий баҳолади. Хусусан, 2020 — 2025 йиллар давомида давлат улушига эга банкларнинг капитал базасини мустаҳкамлаш мақсадида жами 34,1 трлн. сўм маблағ йўналтирилган. Мазкур чоралар кредитлаш имкониятларини кенгайтириш, банк хизматлари сифатини ошириш ва тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилган.

Халқ вакиллари келгусида аҳоли ва кичик бизнес учун масофавий хизматларни ривожлантириш мақсадида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик чораларини кенгайтириш зарурлигини қайд этдилар.

Шу билан бирга, банк ва тўлов ташкилотлари ўртасида маълумотларни муҳофазаланган телекоммуникация тармоқлари орқали узатиш имконини берувчи махсус ахборот тизимини жорий қилиш ишларини тезлаштириш бўйича ўз таклифларини бердилар.

Муҳокамаларда кредит ажратишда шаффофликни ошириш ва инсон омилини камайтириш мақсадида oilakredit.uz платформаси ишга туширилгани депутатлар эътиборида бўлди.

Мажлис якунида тақдим этилган парламент сўровига жавоб маълумот учун қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг