Валюта курслари 02/06/2025
$1 – 12790.43
UZS – 0.17%
€1 – 14486.44
UZS – 0.6%
₽1 – 162.60
UZS – -0.02%
Қидириш
Ўзбекистон 31/05/2025 Маниладаги халқаро форумда Ўзбекистоннинг уй-жой ислоҳотлари тақдим этилди

Маниладаги халқаро форумда Ўзбекистоннинг уй-жой ислоҳотлари тақдим этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 26–30 май кунлари Филиппин Республикасининг Манила шаҳрида Осиё тараққиёт банки томонидан “Сув ресурслари ва урбанизацияни ривожлантириш 2025” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтмоқда.

Форум доирасида ташкил этилган “Пилот лойиҳалардан ривожланишгача: хусусий сектор иштирокида уй-жой танқислигини енгиб ўтиш” номли панель муҳокамасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека дастурларини мувофиқлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Шохрухбек Ғаниев ҳамда “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ бош директори Муроджон Фарманов иштирок этишди.

Сессияда Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида ипотека кредитлари беришнинг замонавий бозор механизмлари жорий этилгани, уй-жой қурилишига хусусий пудрат ташкилотлари жалб этилаётгани, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофлик тамойиллари асосида ишланаётгани алоҳида таъкидланди.

Сўнгги беш йилликда умумий майдони 21,7 миллион квадрат метрни ташкил этувчи кўп квартирали уй-жойлар қурилгани, бирламчи уй-жой бозорида фуқаролар томонидан сотиб олиш учун 350 мингдан ортиқ ипотека кредитлари ажратилгани ва улардан 70 мингдан ортиғи давлат субсидияси асосида молиялаштирилгани қайд этилди.

Муҳокама якунида мамлакатимизда уй-жой билан таъминлаш тизими бозор механизмларига асосланган ҳолда янада такомиллаштирилиши борасида келгусидаги режалар билан ўртоқлашилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг