Валюта курслари 19/06/2025
$1 – 12618.63
UZS – -0.39%
€1 – 14516.47
UZS – -0.85%
₽1 – 160.83
UZS – -0.2%
Қидириш
Ўзбекистон 18/06/2025 Маъмурий огоҳлантириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди

Маъмурий огоҳлантириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, айрим хорижий давлатларда маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жарима жазоларидан ташқари “оғзаки огоҳлантириш” ва “огоҳлантириш” жазоси борлиги, бунда биринчи марта кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларни жаримага тортиш ўрнига, содир этган қилмишининг ижтимоий оқибатларини тушунтирган ҳолда огоҳлантириш амалиётда бундай қилмишлар содир этилишининг олдини олишда юқори натижаларга эришилаётганлиги кузатилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “маъмурий огоҳлантириш” жазо чорасини киритиш ва ижтимоий хавфлилиги кам бўлган йўл ҳаракати хавфсизлилиги билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун огоҳлантириш жазосини қўллашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зиёдбек Юнусовнинг қайд этишича,  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддасига кўра, агар маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли, деб топилса, фақат суд ҳуқуқбузарни жавобгарликдан озод қилиб, огоҳлантириш билан чекланиши мумкин. Бу ҳолда огоҳлантириш маъмурий жазо ҳисобланмайди. Бироқ, янги киритилаётган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 282-моддасида эса, суд ёки мансабдор шахс маъмурий ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахсга нисбатан маъмурий огоҳлантириш қўллаши мумкин. Бу эса маъмурий жазо сифатида МЖТКнинг 23-моддасида белгиланган. Яъни, бир кодексда “огоҳлантириш” атамаси икки хил мазмунда келмоқда. Бири жазо эмас ва фақат суд томонидан қўлланилади. Иккинчиси жазо сифатида ва уни суд ҳам, мансабдор шахс ҳам қўллаши мумкин.

Депутат шу икки хил қўлланиш амалиётда чалкашликка, тушунмовчилик ва нотўғри қарорларга олиб келиши мумкин эмасми? деган савол билан қонун ташаббускорларига юзланди.

Қонун лойиҳасига масъул қўмита — Коррупцига қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов бу бўйича атрофлича тушунтириш бериб ўтди.  

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси автомобиллардан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, соҳада фуқароларни қийнаб келаётган айрим муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг