Валюта курслари 25/11/2025
$1 – 11988.32
UZS – 0.14%
€1 – 13822.53
UZS – 0.18%
₽1 – 152.02
UZS – 0.14%
Қидириш
Малайзиялик ишбилармонлар юртимизга бизнес-миссия билан келди

Малайзиялик ишбилармонлар юртимизга бизнес-миссия билан келди

Малайзиялик ишбилармонлар юртимизга бизнес-миссия билан келди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Малайзия кичик ва ўрта бизнес халқаро савдо уюшмаси президенти Меган Су бошчилигидаги делегация юртимизга бизнес-миссия билан ташриф буюрди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида делегация Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "UzProdExpo–2025" халқаро кўргазмасида қатнашди, "Food City" мева-сабзавот улгуржи бозори, "Artel Electronics" МЧЖ ва "Best Tastes Technology" МЧЖ (UzKand), "BMB Holding" МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди. Малайзиялик ишбилармонлар ҳамда қатор давлат идоралари ва ташкилотлари вакиллари ўртасида турли учрашувлар ташкил этилди.

Хусусан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва унинг ҳузуридаги Марказий экспорт штаби билан Ўзбекистоннинг сархил ва қуритилган мева-сабзавотлари, дуккакли ва ёнғоқ маҳсулотларини Малайзия ва Жануби-Шарқий бозорларига экспорт қилиш имкониятлари ва истиқболлари масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Экспортчилар уюшмасида Малайзия делегацияси томонидан маҳаллий экспортчи корхоналар учун "Малайзия бозорига кириб бориш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишнинг амалий механизмлари" мавзусига бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.

Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилувчиларга маҳсулотларни маҳаллий ва инглиз тилларида сифатли қадоқлаш, уларда Малайзиянинг JAKIM "Ҳалол" сертификатининг мавжудлиги, товарларни сотишда супермаркетлар ва дистрибюторлар орқали самарали тарқатиш каналларини йўлга қўйиш каби бозор талабларининг алоҳида жиҳатларига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Малайзия делегацияси ҳамда Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси ўртасида Ўзбекистон маҳсулотларини Малайзияга экспорт/импорт қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ва амалий тренинглар ўтказиш масалаларини ўз ичига олган Англашув меморандуми имзоланди.

Шунингдек, меҳмонлар Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги ходимлари билан ҳам учрашиб, савдо ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро манфаатли иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида Англашув меморандумини имзолади.

Малайзиялик ишбилармонлар Ўзбекистон билан икки томонлама манфаатли савдо-инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда катта имкониятлар мавжудлигини қайд этди. Меган Су ташкилотга аъзо етакчи компаниялар раҳбарларидан иборат делегациянинг келгуси йилда ҳам мамлакатимизга яна бир бор ташриф буюришини таъкидлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг