Малайзияда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Элчихонаси ташаббуси билан Куала-Лумпурда “Ўзбек мева ва қуритилган мевалари, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ичимликлар кўргазмаси” ташкил этилди.
Тадбирда Малайзиянинг йирик чакана ва улгуржи савдо тармоқлари, дистрибютор компаниялари билан бир қаторда, Ўзбекистондан ташриф буюрган тадбиркорлар ҳам иштирок этди. Улар томонидан мевалар, қуритилган мевалар, консервалар, суспензиялар ва бошқа қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш қилинди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва тизим ташкилотлари вакиллари ҳам фаол қатнашиб, малайзиялик ҳамкорларга мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аграр соҳадаги инвестиция имкониятлари ва экспорт салоҳияти ҳақида батафсил маълумот беришди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчиси К. Гадоев ва Қишлоқ хўжалиги вазири Котибияти бошлиғи Ш. Эргашев ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги йўналишидаги улкан салоҳият, маҳсулотларимизнинг табиийлиги ва халқаро бозорларидаги рақобатбардошлиги ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Тадбир Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Малайзия бозорига олиб кириш, маҳаллий дистрибюторлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.