Малайзия ва индонезиялик сайёҳларни “Umra plyus” дастури асосида Самарқандга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди
Малайзия ва индонезиялик сайёҳларни “Umra plyus” дастури асосида Самарқандга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти ҳокимлигида Малайзия ва Индонезиядан “Umra plyus” дастури ва зиёрат туризми йўналишида сайёҳларни жалб қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Zoom платформаси орқали ўтказилган ушбу муҳокамада Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, Ўзбекистонинг Малайзия ҳамда Индонезиядаги элчилари, туризм соҳасидаги мустақил консультантлар, аэропорт ва авиакомпаниялар вакиллари ҳам иштирок этишди.
Мулоқотда қайд этилганидек, Малайзия ва Индонезияда 7 миллион нафарга яқин Нақшбандия тариқати издошлари бор. Улар Умра зиёратига боришдан олдин Ўзбекистондаги қадамжоларни, хусусан Имом Бухорий қабрини зиёрат қилишни истайдилар. Уларни Куала-Лумпур ёки Жакартадан Самарқандга олиб келиб, камида 2 кун айлантиргач Ўзбекистон самолётларида Умрага учиб кетишларини таъминлаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, сайёҳлик компанияларини жалб қилган ҳолда “Umra plyus” дастури ва туризм йўналишларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш ва хизматлар сифатини ошириш борасида таклифлар ўртага ташланди.
Муҳокамада вилоят ҳокими Адиз Бобоев Малайзия ва Индонезиядан зиёрат туризми йўналишида сайёҳлар оқимини ошириш юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида йўл харитасини ишлаб чиқиш ва уни самарали амалга оширишда Малайзия ва Индонизиядаги элчиларимиз билан доимий ҳамкорликда иш олиб бориш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.