Малайзия божхона бошлиғи Ўзбекистонга ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Малайзия Қироллиги Божхона хизмати раҳбари Датук Вира Анис Ризана бинти Моҳд Заинудин хоним бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг март ойида Божхона қўмитаси Раиси A.Mavlonov Куала Лумпур шаҳрида малайзиялик ҳамкасби билан икки томонлама музокаралар ўтказиб, божхона соҳасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ва йўналишларини белгилаб олинган эди ҳамда Малайзия божхона хизмати раҳбари Ўзбекистонга таклиф қилинган эди.
Анис Ризана хонимнинг Ўзбекистонга амалга ошираётган илк ташрифи айни шу келишувларнинг амалий натижаси бўлди.
Ташрифнинг дастлабки манзили – кеча пойтахтимизда ўз ишини бошлаган маҳаллий контентни оширишда импортни оптималлаштириш мавзусидаги "Uzbek Import Fair 2025" И-халқаро кўргазмаси бўлди.
Таъкидлаш жоизки, кўргазма павильонларида Малайзиядан Ўзбекистонга энг кўп импорт қилинаётган товарлар ҳам намойишга қўйилган бўлиб, мазкур маҳсулотларни малайзиялик инсвесторларни жалб қилган ҳолда маҳаллий хом ашё ҳисобига Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқариш имкониятлари таҳлил қилинди.
Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ўзаро ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга ошгани инобатга олинса, мазкур имкониятлар кўлами катта эканлиги ойдинлашади.
Анис Ризана хоним шу ернинг ўзида кўргазма таассуротлари юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.