Мактабгача таълим ва тарбия тизими янада такомиллаштирилади
Мактабгача таълим ва тарбия тизими янада такомиллаштирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 1 йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилади.
Мактабгача таълим тизимида болаларни тарбиялаш, ривожлантириш ва уларга таълим беришни ижобий муносабатлар орқали амалга ошириш мақсадида ўйинга асосланган таълим жорий этилади.
Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган ва Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади.
1 йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастурлари мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида тўлиқ ёки қисқа муддатли гуруҳларда амалга оширилади.
Мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига 1 йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади.
“Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотларида ўйинга асосланган таълим-тарбия жараёнлари амалга оширилади
Фармонга кўра, 2027/2028 ўқув йилидан:
мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим жараёнлари олий маълумотли педагоглар, шунингдек, олий таълим ташкилотларининг битирувчи босқич талабалари томонидан олиб борилади;
мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия олган болаларга 1 йиллик мактабга тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги электрон сертификат берилади ҳамда ушбу маълумотлар умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномада қайд этилади.
“Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари: 2026–2028 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида биттадан ташкил этилади;
давлат мактабгача таълим ташкилоти сифатида фаолият олиб боради ҳамда илғор хорижий тажрибалар асосида ўйинга асосланган таълим ва тарбия жараёнларини амалга оширади;
Болаларни ривожлантириш инновацион марказларида:
болаларнинг ёши ва ривожланиш босқичларига мос равишда ижод ва санъат, фан ва математика, жисмоний фаоллик ва саргузашт, тил ва тасаввур ҳамда робототехника ва илк алгоритмлаш йўналишларида тематик ўйингоҳлар ташкил этилади;
симуляцион вазиятлар орқали болаларда касбларга қизиқиш уйғотиш, экологик маданиятни шакллантириш каби йўналишлар бўйича таълим-тарбия жараёни амалга оширилади.