Makkah Halal Forum'да Ўзбекистон ва Буюк Британия савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Makkah Halal Forum'да Ўзбекистон ва Буюк Британия савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Makkah Halal Forum” доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси биринчи ўринбосари Давронбек Қурбонов ҳамда Палата раиси маслаҳатчиси Жамил Максуди Буюк Британия Мусулмонлар савдо форуми ташкилоти (MTF) раиси Иқбол Сакрани бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказдилар.
14-16 февраль кунлари Макка шаҳрида бўлиб ўтаётган форум икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим майдон вазифасини бажармоқда.
Muslim Trade Forum (MTF) Буюк Британиянинг мусулмон ишбилармонлари манфаатларини ҳимоя қилиш ва халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилган нуфузли ташкилотларидан бири ҳисобланади.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, Д.Қурбонов томонидан ислом туризми соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масаласи илгари сурилди. Британия томони ушбу йўналишда ҳамкорлик имкониятлари юқори эканини таъкидлади. Маълумот учун, Буюк Британияда бугунги кунда 5 млндан ортиқ мусулмонлар истиқомат қилади.
Шунингдек, британ томони Ўзбекистонда қимматбаҳо тошлардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, уни Буюк Британияга экспорт қилиш имкониятлари мавжудлигини қайд этди. Бундан ташқари, Буюк Британияда минерал ўғитларга юқори талаб мавжудлиги ва уларни Ўзбекистондан импорт қилишга қизиқиш билдирилди.
Учрашув якунида томонлар келгусида англашув меморандумини имзолашга келишиб олдилар.