МАГАТЭ ва Ўзбекистон тупроқ шўрланишига қарши курашиш бўйича қўшма лойиҳани ишга туширмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Тупроқ таркиби, сақланиши ва сифатини таҳлил қилиш маркази билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалигининг барқарор амалиётини ривожлантириш ва тупроқ шўрланишини камайтиришга қаратилган қўшма тадқиқот лойиҳасини йўлга қўймоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.
Ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистонда пахта-буғдой-маккажўхори алмашлаб экиш тизимида калий, кальций, магний ва олтингугуртга бой инновацион табиий минерал ўғит бўлган полигалитдан фойдаланган ҳолда беш йиллик дала тажрибаси ўтказилади. Замонавий технологияларни қўллаш тупроқ унумдорлигини ва ҳосилдорликни ошириш, фермерларга амалий тавсиялар бериши кутилмоқда.
Лойиҳа Ўзбекистон ва МАГАТЭ ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади ҳамда мамлакатнинг асосий экологик муаммоларидан бири – тупроқ шўрланишини ҳал этишга ҳам катта ҳисса қўшади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва МАГАТЕЭ бош директори Рафаэл Гросси ўртасида 2024 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган эди.