“Made in Uzbekistan” халқаро кўргазмаси ИННОПРОМ-2025 доирасида ўз ишини бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 7-10 июль кунлари Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтаётган “ИННОПРОМ-2025” халқаро саноат кўргазмаси доирасида “Made in Uzbekistan” миллий стенди ўз ишини бошлади. Ушбу нуфузли тадбир Ўзбекистон саноати ва инновацион салоҳиятини халқаро майдонда намойиш этиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилмоқда.
“Made in Uzbekistan” миллий стендида юртимизнинг турли тармоқларини намойиш этувчи корхоналар иштирок этмоқда. Хусусан, фармацевтика соҳасига ихтисослашган 5 та етакчи компания ўз маҳсулотлари ва илмий-ишлаб чиқариш ишларини тақдим этмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори воситалари ва замонавий технологиялар кўргазма иштирокчилари ҳамда халқаро ҳамкорлар томонидан катта қизиқиш ва эътирофга сазовор бўлмоқда.
Кўргазма доирасида ўзбекистонлик компаниялар томонидан бир қатор экспорт шартномалари имзоланиши режалаштирилган бўлиб, бу мамлакатимиз маҳсулотларининг ташқи бозордаги рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилади.