Валюта курслари 09/01/2026
$1 – 12109.02
UZS – 0.63%
€1 – 14139.70
UZS – 0.56%
₽1 – 150.31
UZS – 0.68%
Қидириш
Маданият вазирлиги вазирнинг тўйда қўшиқ айтиб, пул олаётгани акс этган видеога изоҳ берди

Маданият вазирлиги вазирнинг тўйда қўшиқ айтиб, пул олаётгани акс этган видеога изоҳ берди

Маданият вазирлиги вазирнинг тўйда қўшиқ айтиб, пул олаётгани акс этган видеога изоҳ берди

 Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Маданият вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг тўйда қўшиқ ижро этиб, меҳмонлардан пул олаётгани акс этган видеога изоҳ берди.

Вазирликда билдирилишича, ушбу ҳолат миллий анъаналарга мос келади ва амалдаги қонунчиликни бузмайди.

Kun.uz нашри Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Сирожиддин Усаровга таяниб хабар қилишича, видео 2025 йил 25 октябрь куни вазирлик ходимларидан бирининг тўйида тасвирга олинган.

Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳолат олдиндан режалаштирилмаган. Вужудга келган вазиятда вазирнинг тақдим этилаётган пулни қабул қилмаслиги тўйда ҳозир бўлганларни ноқулай аҳволга солиб қўйиши, ҳурматсизлик ёки менсимаслик сифатида қабул қилиниши мумкин эди.

Вазирликда таъкидланишича, тўй маросимларида ижрочиларга пул бериш қонун билан тақиқланмаган бўлиб, асрлар давомида шаклланган миллий анъаналар ва маданий қадриятларнинг бир қисми ҳисобланади. Вазирлик маълумотларига кўра, бундай ҳаракатлар ўзбек урф-одатлари доирасида мақбул саналади.

Шунингдек, Озодбек Назарбеков нафақат маданият вазири, балки таниқли ижрочи, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқ артисти, шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими экани қайд этилди.

Унинг касбий фаолияти бевосита миллий қўшиқчилик санъати билан боғлиқ бўлиб, тўйда содир бўлган ҳолат айнан шу контекстда баҳоланиши лозимлиги таъкидланди.

Вазирликда қўшимча қилишича, инсон, қайси давлат лавозимини эгаллашидан қатъи назар, ўз касбидан тўлиқ ажратиб қўйилиши мумкин эмас ва ушбу ҳолат ҳам шу нуқтаи назардан баҳоланиши керак.

Шу билан бирга, Kun.uz хабар беришича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур ҳолат юзасидан Маданият вазирлигига тегишли тақдимнома киритган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг