Маданият вазирлиги Назарбековнинг Kokand University ролигига қатнашишини жамият учун фойдали деб изоҳлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Маданият вазирлиги Озодбек Назарбековнинг Kokand University рекламавий видеоролигида пайдо бўлишига изоҳ бериб, бу ҳолатни тижоратий мақсаддан йироқ, таълим фаолияти билан узвий боғлиқ ва жамият учун фойдали маълумот тарқатиш сифатида баҳолади.
Аввалроқ, маданият вазири университет видеоролигида иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди. Вазирлик таъкидлашича, давлат миқёсида таълим тараққиётига, жумладан, хорижий тилларни ўрганиш ҳамда касб эгаллаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бу вазифалар доирасида президент вазирлик раҳбарларига ёшлар билан, мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам, доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топишда кўмаклашиш вазифасини юклатган.
Жумладан, 2025 йил 17 апрель куни Озодбек Назарбеков Kokand University’нинг Андижон филиали талабалари ва ҳудуддан ташриф буюрган 150 нафардан зиёд ёшлар билан учрашув ўтказган. Суҳбатдан сўнг талабалар вазирдан ушбу олийгоҳда таълим олиш имкониятлари ҳақида ёшларга йўл-йўриқ кўрсатувчи видеомурожаат тайёрлаб беришни сўрашган.
Вазирлик қонунга асосан реклама деб ҳисобланмайдиган ҳолатга эътибор қаратди. Яъни товарлар, уларнинг белгиси ёки ишлаб чиқарувчиларини тилга олиш агар илмий, адабий ёки бадиий фаолиятнинг бир қисми бўлса ва рекламавий мақсад кўзланмаса, реклама ҳисобланмайди.
2025 йил 4 февралда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан берилган №602319-лицензияга кўра, «Коканд давлат университети» МЧЖ олий таълим соҳасида хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга.
Маданият вазирлиги ҳамда шахсан Озодбек Назарбеков университет билан ҳеч қандай рекламавий хизматлар бўйича шартнома тузмаган. Вазирнинг билдирган фикрлари фақат ижтимоий аҳамият касб этиб, моддий манфаат кўзламайди.
Қайд этилишича, шунга ўхшаш ҳолат 2024 йилда ҳам кузатилган. Ўшанда Назарбеков эркаклар кийим-кечак дўкони рекламавий видеосида иштирок этгани қайд этилган эди.
Ўшанда вазир «Ўзбекистон овози» лойиҳаси суратга олиниши жараёнида имиджмейкерлар билан биргаликда костюм танлашда қатнашган, ҳеч қандай моддий ҳақ олмаган ва иштирок этишдан мақсад миллий брендлар ҳамда маҳаллий маҳсулотларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бўлган.