Люблянада Ўзбекистон-Словения бизнес-форуми ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Любляна шаҳрида Ўзбекистон-Словения бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Форум Ўзбекистон элчихонаси (қароргоҳи Будапешт шаҳрида жойлашган) "SPIRIT Slovenia" бизнесни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Иқтисодий тадбир Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самаралари ва юртимизнинг инвестициявий салоҳияти, савдо, иқтисодиёт ва туризм соҳасидаги имкониятларини тақдим этиш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш мақсадида ўтказилди.
Юртимиз дипломатлари Ўзбекистонда бизнес юритишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароитлари ҳақида сўзлаб беришди. Иштирокчилар қўшма лойиҳалар ва сармоявий ташаббусларни муҳокама қилдилар. Словения Ташқи ишлар ва Европа вазирлиги ҳамда "SID Bank" вакиллари икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш чоралари, молиявий имкониятлар ва кафолатлар ҳақида тўхталди.
Шунингдек, иштирокчилар халқаро ҳамкорлик тажрибалари, "SPIRIT Slovenia"томонидан хорижий бозорларга чиқиш учун ишлаб чиқилган махсус дастурлар билан танишдилар. "Tajfun RUS" компанияси вакиллари эса Ўзбекистондаги фаолиятларибилан ўртоқлашди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Словения компаниялари ўртасида янги бизнес алоқалариниўрнатиш, ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.