Lonely Planet Ўзбекистон бўйлаб саёҳат имкониятлари ҳақида
Lonely Planet Ўзбекистон бўйлаб саёҳат имкониятлари ҳақида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Британиянинг “Lonely Planet” журналида Софи Ибботсоннинг Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш имкониятларига бағишланган мақоласи эълон қилинди.
Мазкур материалнинг чоп этилиши Ўзбекистонга жозибадор ва катта суръатлар билан ривожланаётган сайёҳлик йўналиши сифатидаги қизиқиш тобора ортиб бораётганини таъкидлайди.
Мамлакат жаҳон сайёҳлик харитасидаги ўрнини мустаҳкамлайди ва Ўзбекистоннинг туристлар орасида энг кўп танланадиган манзиллар қаторига ишонч билан кириб бораётганини кўрсатади.
Мақолада Ўзбекистоннинг туризм инфратузилмасини ривожлантириш йўллари тасвирланган: халқаро ва минтақавий авиақатновлар кенгаймоқда, вокзаллар замонавийлаштирилмоқда, янги тезюрар поездлар ишга туширилмоқда, шаҳарлараро транспорт алоқалари яхшиланмоқда.
«Амирсой» тоғ-чанғи мажмуаси каби замонавий сайёҳлик ҳудудлари барпо этилмоқда, маҳаллий меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар тармоғи кенгаймоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизга ташриф буюрувчи турли тоифадаги меҳмонлар учун саёҳатларни янада қулай, хилма-хил ва арзон қилмоқда.
Халқаро нашрда эълон қилинган бу мақола мамлакатимиз туризм соҳасини янада ривожлантиришни рағбатлантиради ҳамда жаҳон миқёсида Ўзбекистоннинг ижобий имиджини шакллантиришга кўмаклашади.