Limak Ўзбекистонда гидроэлектростанциялар қуришда Туркия тажрибасини қўллашга тайёр
Limak Ўзбекистонда гидроэлектростанциялар қуришда Туркия тажрибасини қўллашга тайёр
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Туркиянинг етакчи компанияларидан бири — “Limak” компанияси таъсисчиси Сезай Бажаксиз билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар гидроэлектр станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, ушбу лойиҳалар бўйича ҳужжатларни биргаликда ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқди.
Қайд этилишича, “Limak” компанияси Туркияда 10 та гидроэлектр станциясини муваффақиятли барпо этган бўлиб, мазкур тажриба Ўзбекистонда ҳам амалий қўлланиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистондаги халқаро аэропортлардан бирини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича истиқболли лойиҳаларда «Лимак» компаниясининг иштироки масалалари муҳокама қилинди. Компания Кувайт, Сенегал ва Косово давлатларида аэропортларни давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича салмоқли тажрибага эга экани таъкидланди.
Учрашувда «Лимак» компаниясининг глобал миқёсдаги фаолияти ҳам қайд этилди. Компаниянинг йиллик фойдаси 4,1 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Қурилиш соҳасида “Limak” Туркияда биринчи ўринни эгаллаб, дунё миқёсида эса энг йирик 20 та компания қаторидан жой олган.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, аниқ лойиҳалар бўйича амалий музокараларни давом эттириш ҳамда узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди.