Leapmotor Ўзбекистон бозорида расмий дистрибьютор орқали фаолият олиб боради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг Leapmotor компанияси Ўзбекистонда фақат расмий дистрибьютор орқали фаолият юритади.
2025 йил 13 апрель куни Leapmotor Automobile Co. Ltd. компанияси Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва “Ўзбекистон илмий-синоат синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасасига расмий хат йўллади.
Мазкур хатда компания C16 моделдаги электромобилларни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний (расмий дистрибьюторсиз) олиб кирилганини тасдиқлади ва вужудга келган муаммоларни бартараф этиш бўйича қатор чоралар кўришга тайёр эканини билдирди.
Хатга кўра, энди компания ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фақат расмий дистрибьютор орқали амалга оширади.
Рухсат этилмаган (норасмий) тарзда олиб кирилган автомобиллар компания томонидан расман тан олинмайди ва уларга расмий кафолат ва техник хизмат кўрсатилмайди.
Транспорт воситалари турини тасдиқлаш сертификати (ОТТС) учун синов жараёнлари қисқа муддатда якунланади.
Келгусида UzTest билан тўлиқ ҳамкорлик йўлга қўйилиб, сифат назорати янада кучайтирилади.
Бу ҳамкорлик автомобилларнинг хавфсизлиги, сифати ва техник талабларга мувофиқлигини таъминлашга қаратилган.
UzTest мазкур ташаббусни юқори баҳолади ва фойдаланувчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган барча жараёнларда фаол иштирок этишда давом этади.