Лазиз Қудратов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШда музокаралар олиб бормоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ АҚШда бўлиб, етакчи америкалик компаниялар ва молиявий институтлар вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда ўзбек компанияларини халқаро капитал бозорларига олиб чиқиш масалалари марказий ўрин эгаллади. Муҳокамаларда, хусусан, банк-молия соҳаси бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ва АҚШ фонд бозорида шерикликни чуқурлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Дастур доирасида АҚШнинг соғлиқни сақлаш, меҳмонхона бизнеси, девелопмент, инновация ва юқори технологиялар соҳаларидаги йирик компаниялари билан учрашувлар ўрин олган. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект масалаларига бағишланиб, алоҳида музокаралар ўтказилмоқда. Уларда давлат хизматлари соҳасига инновацион ечимларни интеграция қилиш ҳамда саноатни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Музокараларнинг конструктив руҳда кечаётгани Ўзбекистон – АҚШ стратегик ҳамкорлигининг муҳим аҳамиятини намоён этиб, муҳим йўналишларда янги истиқболларни белгилаб бермоқда. Ўзбекистон делегациясининг АҚШдаги фаолияти давом этмоқда.