Лангар Ота мажмуаси АҚШ кўмагида қайта тикланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қашқадарё вилоятидаги ХВ асрга оид маданий ва диний ёдгорлик ҳисобланган тарихий Лангар ота мажмуаси АҚШ элчиларининг Маданий меросни сақлаш жамғармаси томонидан ажратилган 250 минг долларлик шошилинч таъмирлаш лойиҳаси натижасида қайта тикланди ва фойдаланишга топширилди.
АҚШ элчиси Жонатан Хеник маҳаллий мулозимлар, жамоат вакиллари ва америкалик мутахассислар билан биргаликда маросимда иштирок этиб, маданий меросни асраб-авайлашда Американинг жаҳон миқёсидаги етакчи ўрнини таъкидлади ҳамда Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорликнинг мустаҳкамлигини яна бир бор тасдиқлади.
Ҳисор тоғ тизмасидаги Катта Лангар қишлоғида жойлашган, 1448 йилга оид масжид ва мақбара темурийлар даври кошинкорлиги, моҳирона ўйилган ёғоч тўсинлари билан ажралиб туради ва Ишқия сўфийлик тариқати билан боғлиқ тарихий зиёратгоҳ сифатида муҳим маънавий аҳамиятга эга. Мажмуа ҳудудида бир пайтлар куфий ёзувидаги энг қадимги Қуръонлардан бири – Катта Лангар Қуръони ҳам сақланган. Ушбу таъмирлаш ишлари Ўзбекистоннинг маънавий мероси ва сўфийлик анъаналарининг рамзи бўлиб, булар мамлакатнинг миллий ўзига хослигини ва мустақиллигини чуқур шакллантирган омиллардир.
2023 йилнинг куз ойларида Чикаго университетининг Қадимги маданиятларни ўрганиш институти раҳбарлигида бошланган консервация лойиҳаси асосий кошин панелларни мустаҳкамлаш, пойдеворни кучайтириш ва эскирган томни алмаштириш ишларини ўз ичига олди. Шунингдек, ушбу лойиҳа асносида консервация билан шуғулланадиган ўзбекистонлик мутахассислар малака орттирдилар, бу esa келажакдаги консервация ишлари учун маҳаллий тажрибани оширди.
«Маданий мерос тарихимизни тушунишимиз ва ўзимизни англашимизнинг ажралмас қисмидир. У миллий чегаралардан устун туради,» – деди элчи Ҳеник. «Лангар Ота бутун дунё халқлари учун муҳим аҳамиятга эга жой, ва биз унинг тарихида ўз ҳиссамизни қўшиш имкониятини чуқур қадрлаймиз.«
Ушбу лойиҳа АҚШнинг Марказий Осиёда минтақавий барқарорликни қўллаб-қувватлаш, маданиятлараро алоқаларни ривожлантириш ва умумий меросни асраб-авайлаш бўйича кенг қамровли саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшади. У Американинг Ўзбекистон тарихига чуқур ҳурматини ва маданий меросни сақлашда халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлайди. Сўнгги йилларда АҚШ ва Ўзбекистоннинг бу соҳадаги ҳамкорлиги янада чуқурлашди. 2023 йилда АҚШ ва Ўзбекистон ўғирланган тарихий буюмларнинг ноқонуний савдосига қарши биргаликда курашиш тўғрисида битим имзолади. Ушбу ҳамкорлик тарихий ёдгорликларнинг хавфсизлигини яхшилаш ва ўғирланган бойликларни топиб, Ўзбекистонга қайтаришни таъминлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Қайта тикланган Лангар Ота мажмуаси энди ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлиб, Марказий Осиёнинг энг муҳим маънавий ёдгорликларидан бири билан танишиш имконини беради.