Куала-Лумпур шаҳри мэрияси Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари билан ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини кўриб чиқмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Куала-Лумпур шаҳри мэри Маймуна Мохд Шариф билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Учрашув давомида томонлар креатив туризм, санъат, маданият, ёшлар масалалари бўйича қўшма тадбирлар режаси келишиб олишди.
Хусусан, жорий йилнинг сентябрь ойида Куала-Лумпурда Ўзбекистон маданияти кунларини ташкил этиш ва Малайзия маданияти кунларини октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, мэрия кўмагида йирик туризм шаҳри бўлган Куала-Лумпурда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти кенг тарғиб қилинади, маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар орасида ўзбек миллий маданияти ва санъатига бағишланган тадбирлар ташкил этилади.
Ўзбекистон томони Куала-Лумпурда АСЕАН раислигида ва "Visit Malaysia-2026" дастури доирасида ташкил этилаётган тадбирларда ўзбек санъати вакиллари билан биргаликда иштирок этишга таклиф қилинди.
Шунингдек, Маймуна Мохд Шариф жорий йилда бўлиб ўтадиган муҳим тадбирлардан бири – "Мэрлар/ҳокимлар форуми"га Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари маъмуриятлари вакилларини таклиф қилди.