Корзинка тармоғи бош директори Руд Педерсен уч йилдан сўнг ўз лавозимини тарк этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон бўйлаб 170 тадан ортиқ дўконга эга бўлган энг йирик «Корзинка» супермаркетлар тармоғининг бош директори Руд Педерсен компаниядаги уч йиллик фаолиятдан сўнг ўз лавозимини тарк этаётгани эълон қилинди.
Руд Педерсен бундан буён ўз оиласига кўпроқ вақт ажратиш ниятида шу қарорга келган. Ҳозирда «Корзинка»ни кейинги ривожланиш босқичида олға етаклайдиган янги раҳбар изланмоқда. Ўтиш даврида компанияни тажрибали юқори менежмент жамоаси директорлар кенгаши раиси ва компания асосчиси Зафар Ҳошимов билан ҳамкорликда бошқаришда давом этади. Шунингдек, ҳозирда бош директор ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Акмал Асадов «Корзинка» бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Компания 2022 йилдан буён «Корзинка»нинг ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Рудга чуқур миннатдорчилик билдиради. У расман 30 сентябрь куни лавозимини тарк этади, бироқ келгуси ойларда мажбуриятларнинг самарали тақсимланишини таъминлаш учун компанияга маслаҳат беришда давом этади.
«Корзинка» директорлар кенгаши раиси ва асосчиси Зафар Ҳошимов қуйидагиларни таъкидлади: “Руд Педерсенга сўнгги йилларда «Корзинка»ни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун ташаккур айтмоқчиман. Шахсан мен унинг компания тараққиётининг бундай муҳим даврида сарфлаган вақти, саъй-ҳаракатлари ва куч-ғайрати учун жуда миннатдорман. Унинг сафимизни тарк этаётганидан афсусдаман, бироқ Руднинг бундан кейин ўз оиласига кўпроқ вақт ажратиш қарорини буткул ҳурмат қиламан. Бутун «Корзинка» жамоаси номидан Рудга самимий миннатдорчилик билдираман. Унга ва оиласига энг самимий тилакларимни билдираман.
Муносиб раҳбар топилгунга қадар, бизнесни муттасил равишда директорлар кенгашининг тўлиқ кўмаги ва дастаги билан таниқли ва юқори малакали топ-менежерлар жамоаси бошқаришда давом этади. Биз аввалгидай 2028 йилгача тармоғимизни 1000 та дўконга етказишга қаратилган тараққиёт стратегиямиз ва улкан режаларимизни амалга оширишга интилмоқдамиз”.
Руд Педерсен бундай деб қўшимча қилди: «Корзинка» тармоғини янада ривожлантириш учун навбатдаги сармоя жалб қилиш раундини якунлагач, айнан ҳозир ваколатларни топшириш, халқаро саёҳатларни қисқартириш ва бошқа мамлакатда яшовчи оилам билан кўпроқ вақт ўтказиш учун қулай фурсат етганини теран англадим. Ишонч ва дастак учун Зафар Ҳошимовдан, Директорлар кенгашидан ва акциядорларимиздан чуқур миннатдорман. «Корзинка» ривожига ҳисса қўшганим ва мана шундай ажойиб жамоа билан ишлаганимдан фахрланаман.