Коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади
Коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025-йил 30-декабрда Президентнинг "Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-270-сонли Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг фаолияти Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан узвий ҳамкорликда ташкил этилади.
2026 йил 1 июлдан давлат органлари ва ташкилотларида
2030 йилгача босқичма-босқич коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади. Бунда:
ушбу тизим биринчи навбатда Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими натижаларига кўра “қониқарсиз” деб баҳоланган давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилади;
давлат органлари ва ташкилотларида Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимини жорий этиш Агентлик томонидан тасдиқланадиган режа-графикка мувофиқ босқичма-босқич амалга оширилади;
Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимининг белгиланган муддатларда жорий этилмаганлиги давлат органи ёки ташкилоти раҳбари ва ўринбосарларига тизим жорий этилгунга қадар бўлган муддатда барча рағбатлантириш тўловлари тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.
Aгентлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, илмий муассасалар, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ва фуқаролик жамияти институтларининг доимий ҳамкорлигига асосланган Коррупциянинг олдини олишнинг яхлит тизими жорий этилади.
Фармонга кўра, қуйидаги имкониятларга эга “Рақамли комплаенс” ахборот дастурий комплекси 2026 йил 1 июлдан синов режимида ишга туширилади, жумладан:
Коррупциянинг олдини олиш кластери иштирокчилари ўртасида тезкор маълумот алмашиш;
Дастурий комплекснинг “E-Komplaens” модулини ишга тушириш орқали коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш.
Агентликка давлат органлари ва ташкилотлари марказий аппаратининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларига тизим ташкилотларига қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатма ва уларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритиш ҳуқуқи берилади.
Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни меҳнат фаолиятида таъқиб, тазйиқ ҳолатларидан ҳимоя қилиш мақсадида, Агентлик томонидан ҳимоя ордерини тақдим этиш амалиёти жорий қилинади.
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган шахсларни рағбатлантириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилади.