Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маҳаллий ҳокимият органлари томонидан асоссиз равишда яширилган 386 та қарорни аниқлади
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маҳаллий ҳокимият органлари томонидан асоссиз равишда яширилган 386 та қарорни аниқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ва буйруқларни асоссиз равишда яшириш ҳолатларини аниқлади.
Э-қарор тизимида ҳужжатларни нашр этишда шаффофлик талабларига риоя қилинишини назорат қилишни талаб қилувчи Президент фармонини амалга ошириш доирасида ўтказилган текшириш давомида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг «яширинган» ёки "хизмат доирасида фойдаланиш учун" белгиси қўйилган қарорлари текширилди.
Таҳлиллар натижасига кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан жами 1 907 та қарор ва фармойиш ушбу асосларда қабул қилингани аниқланди. Дастлабки ўрганишлар жараёнида мазкур ҳужжатларнинг 386 таси асоссиз равишда яширилгани маълум бўлди.
Яширилган қарорларнинг 68 таси ташкилий тузилмани тасдиқлаш, 46 таси маблағ ажратиш, 34 таси рағбатлантириш, 156 таси лавозимга тайинлаш ҳамда 82 таси бошқа масалаларга оид ҳужжатлардан иборат.
Очиқланмаган ҳужжатлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлар Фарғона (67 та, 44%), Хоразм (32 та, 39%), Бухоро (58 та, 37%), Қашқадарё (41 та, 26%) ва Самарқанд (38 та, 15%) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Текширув натижаларига кўра, Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига асоссиз яширилган 68 та қарор ва фармойишларни очиқлаш ва мазкур қонунбузилишларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган масъул ходимларга нисбатан тегишли чора кўриш юзасидан тақдимномалар юборди. Қолган ҳужжатларни текшириш давом этмоқда.