Корея Республикасининг Паран шаҳрида Фарғона вилояти савдо-логистика маркази очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Паран шаҳрида “Koreta Co., LTD” компаниясининг янги савдо-логистика маркази ишга туширилди. Марказнинг очилиш маросимида амалий ташриф билан Корея Республикасида бўлиб турган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов иштирок этди.
Логистика маркази фарғоналик ёш тадбиркорлар — Абдувоҳид Қодиров, Жавоҳир Валиев ва Муҳаммадсаид Хўжаев ташаббуси ҳамда 6 миллион долларлик сармоя ҳисобига барпо этилди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар ва ривожланиш жараёнлари хориждаги ватандошларимиз фаолиятини рағбатлантираётганини таъкидлади. Шу билан бирга, ҳар қандай катта иш кичик ташаббусдан бошланишини, бу каби лойиҳалар келгусида йирик миқёсли компанияларга айланишига ишонч билдирди.
Вилоят раҳбари ёш тадбиркорларнинг хорижда фаолият юритиши, маҳаллий бозор қонун-қоидаларини ўрганиб, миллий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Илм, меҳнат ва чет тилларини билиш — муваффақият гарови эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов ҳам сўзга чиқиб, “Koreta” компанияси Ўзбекистон маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқаришда муҳим ўрин тутаётганини қайд этди. Элчихона томонидан ватандошларимиз бизнес ташаббусларига амалий кўмак ва қўллаб-қувватлаш доимий равишда кўрсатилаётгани таъкидланди.
Тадбиркорлар ўз навбатида яратилган имкониятлар ва давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этдилар.
Маросим доирасида “Koreta Co., LTD” компанияси фаолияти бўйича тақдимот ўтказилди. Компания 10 йилдан ортиқ вақтдан бери озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотларини Корея бўйлаб етказиб бериш билан шуғулланади. Ҳозирда 1000 дан зиёд мижозлар базаси мавжуд бўлиб, компания Корея ҳарбий тизими билан ҳам маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома тузган. Ассортимент 1100 дан зиёд турдаги маҳсулотларни ўз ичига олади.
Маҳсулотлар қисман Ўзбекистондан, шунингдек, Россия, Грузия, Болгария, Италия, Польша ва Нидерландия каби 17 дан ортиқ давлатдан келтирилади. Компаниянинг Польшада офислари, Қозоғистонда сут маҳсулотлари заводи ҳамда Ўзбекистонда тўқимачилик фабрикалари фаолият юритмоқда.
Тадбир якунида рамзий лента қирқилиб, янги логистика маркази фаолияти билан яқиндан танишилди.