Кобул шаҳрида Ўзбекистон компанияси иштирокида савдо ва логистика қўшма корхонаси ташкил этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Кобул шаҳрида Афғонистоннинг "Khan Daqiq Trading" компанияси ва "Sogdiana Trans" масъулияти чекланган жамияти билан биргаликда қўшма корхона ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Khan Daqiq Trading" компанияси раҳбари Ҳамид Хон қўшма корхонанинг очилиш маросимидаги нутқида йилига 150 минг тонна маҳсулотни Кобул – Мозори-Шариф – Кобул йўналишида юк машиналарда, Мозори-Шарифдан Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь, Россия, Болтиқ бўйи мамлакатларига темир йўл орқали етказиш ва у ердан импорт маҳсулотларини олиб келиш имконияти борлигини маълум қилди.
"Sogdiana Trans" компанияси логистика ва маркетинг бўлими бошлиғи – қўшма корхона раҳбари Азиз Абдуллаев корхона маҳсулотларни Жанубий Осиё мамлакатларидан МДҲ ва Болтиқ бўйи давлатларига етказиш ҳамда у ердан олиб келиш учун қулай логистика шароитларини яратишини билдирди.
Элчи Ойбек Усмонов ташкил этилган қўшма корхонанинг Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида транспорт, логистика, савдо, саноат ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Дипломат мазкур лойиҳа икки мамлакат тадбиркорларнинг экспорт/импорт фаолияти учун қўлайликлар яратишига, транспорт тўловларини пасайтиришига ва савдо айланмасини кўпайтиришга хизмат қилишига умид билдирди.
"Sogdiana Trans" МЧЖ "Ўзбекистон Темир йўллари" АЖ томонидан ташкил этилган бўлиб, Ҳайратон – Мозори-Шариф – Ноибобод темир йўли линиясида юк ташиш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатишга ихтисослашган.