Кимё-саноат технопаркида учта янги корхона ишга тушди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Чирчиқ кимё-индустриал технопаркида учта янги резидент корхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Чирчиқ кимё-индустриал технопаркида учта янги резидент компания - "LYUDI I CIFRI", "TEG" va "IOTA" МЧЖ ҚКларининг ишлаб чиқариш мажмуалари тантанали равишда очилди.
Маросимда Чирчиқ шаҳри ҳокими Муроджон Абдураҳимов, "Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Евгений Коржиков, «Химград» технополиси вакиллари ҳамда ОАВ иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, ушбу лойиҳалар мамлакатимиз ички бозори эҳтиёжларини қондириш, экспорт салоҳиятини ошириш, саноат тармоқларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Жумладан:
"LYUDI I CIFRI" МЧЖ ҚК — чакана савдо учун стеллажлар ва тегишли ускуналар ишлаб чиқаради.
"TEG" МЧЖ ҚК —темирйўл тармоғи учун микропротсессорли марказлаштириш тизимлари, шунингдек, автоматлаштириш ва телемеханика қурилмаларини ишлаб чиқаради.
"IOTA" МЧЖ ҚК — автомобиль кондиционер тизимлари учун шланглар ва қувурлар ишлаб чиқарувчи корхона.
Ишлаб чиқариш қувватлари Европанинг замонавий ускуналари билан жиҳозланган.
Таъкидлаш жоиз, ушбу лойиҳалар доирасида 250 нафарга яқин маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди.