KDHC ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги биомасса когенерацияси лойиҳаларини муҳокама қилишди
KDHC ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги биомасса когенерацияси лойиҳаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари Korea District Heating Corporation (KDHC) вакиллари билан учрашув ўтказди. Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли лойиҳаларни амалиётга жорий этиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида қишлоқ хўжалигида ресурслардан самарали фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳамда энергия тежамкор технологияларни татбиқ этиш масалаларининг долзарблиги алоҳида таъкидланди.
Учрашувда пахта ғўза поялари каби биомасса хомашёларидан фойдаланиб электр энергияси ва иссиқлик ишлаб чиқарувчи когенерация заводи қуриш бўйича тўлиқ техник-иқтисодий асослаш (ТIА) ишларини амалга ошириш режалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, марказлашган иссиқлик таъминотидан фойдалана олмайдиган кичик аҳоли пунктлари, жумладан мактаб ва шифохоналар учун қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган, ўзини-ўзи таъминлай оладиган иссиқлик тизимларини яратиш бўйича дастлабки ТIА лойиҳалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар аниқ таклифларни ишлаб чиқиш, ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ҳамда амалий натижаларга эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш борасида келишиб олдилар.