Катанецнинг собиқ ёрдамчилари Ўзбекистон футбол ассоциациясидан 350 минг евро талаб қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Сречко Катанецнинг уч нафар ёрдамчиси Ўзбекистон футбол ассоциациясидан (ЎФА) 350 минг евро ундириш ниятида.
Манба маълумотларига кўра, словениялик мутахассислар Футбол бўйича халқаро федерация (ФИФА)нинг Низоларни ҳал этиш палатасига мурожаат қилган бўлиб, ЎФА уларга мазкур маблағни тўламаганини таъкидламоқда.
Уларнинг шартномалари 2026 йил ёзигача амал қилиши керак эди, аммо Фабио Каннаваро бошчилигидаги янги мураббийлар штаби тайинланганидан сўнг, улар билан шартнома бекор қилинган.
Собиқ ёрдамчиларга ёшлар терма жамоаларида ишни давом эттириш таклиф этилган, аммо улар буни рад этган. Улар таъкидлашича, келишувлари фақат миллий жамоани жаҳон чемпионатига тайёрлаш учун тузилган бўлган.
Бунга жавобан Ўзбекистон футбол ассоциацияси маълум қилдики, Катанец ёрдамчиларининг шартномалари уларнинг меҳнат келишувларидаги бандга мувофиқ автоматик равишда бекор қилинган. Ушбу бандда: «Бош мураббий билан тузилган шартнома тугатилган тақдирда, унинг ёрдамчилари билан тузилган келишувлар ҳам бир вақтнинг ўзида бекор қилинади», — деб белгиланган эди.
ЎФА таъкидлашича, бош мураббий билан шартноманинг икки томон келишувига асосан тугатилиши ва янги мураббийлар гуруҳининг келиши аввалги мутахассислар билан меҳнат муносабатларини якунлашни англатади.
Ташкилот шунингдек, бу каби бандни меҳнат шартномаларига киритиш ФИФА ва Спорт арбитраж суди (CAS) амалиётига кўра стандарт ҳолат эканини қайд этди. Катанец штаби аъзоларига бошқа ёш тоифадаги терма жамоаларда ишни давом эттириш таклиф қилингани, аммо улар бу таклифларни қабул қилмагани ҳам маълум қилинди.
Сречко Катанецнинг мураббийлар штаби таркибига беш нафар словениялик мутахассис кирган: ёрдамчилари Алеш Чех ва Владо Радманович, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Мартин Магистер, дарвозабонлар мураббийи Нихад Пейкович ҳамда физиотерапевт Иан Катанец.
Сречко Катанец 2021 йил августидан 2025 йил январь ойигача Ўзбекистон терма жамоасини бошқарган ва соғлиғидаги муаммолар сабаб лавозимини тарк этган.
Ундан кейин миллий жамоага Тимур Кападзе раҳбарлик қилган бўлиб, у Катанец штаби аъзоларининг бир қисми билан бирга Ўзбекистонни тарихида илк бор жаҳон чемпионатига олиб чиққан.
6 октябрь куни терма жамоанинг бош мураббийи этиб 52 ёшли италиялик мутахассис Фабио Каннаваро тайинланган.