Каннаваро Уругвайга қарши ўйин учун Ўзбекистон терма жамоаси таркибини эълон қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийи Фабио Каннаваро 13 октябрь куни Куала-Лумпурда бўлиб ўтадиган Уругвайга қарши ўртоқлик ўйини учун миллий жамоа таркибини эълон қилди. Итальян мутахассис бу галги чақирувда олдинги йиғинга нисбатан жиддий ўзгаришлар киритди ва саккиз нафар футболчини таркибдан чиқариб ташлади.
Мураббийлар штаби қарорига кўра, бу сафар чақирув рўйхатига Муҳаммадрасул Абдумажидов (“Пахтакор”), Умарали Раҳмоналиев (“Сабаҳ”, Озарбайжон), Нодир Абдураззоқов (“АГМК”), Анвар Ходжимирзаев (“Динамо”), Рустам Турдимуродов (“Сурхон”), шунингдек, Фарруҳ Сайфиев (“Нефтчи”), Одилжон Ҳамробеков ("Трактор" Эрон) ва Аббосбек Файзуллаев ("Башакшехир" Туркия) киритилмади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, Сайфиев, Ҳамробеков ва Файзуллаев жароҳат сабабли ўйинни ўтказиб юборишади. Қолган футболчилар эса тактик сабабларга кўра терма жамоа таркибига киритилмаган.
Каннаваро уларнинг ўрнига бир қатор янги футболчиларни чақирди. Улар орасида «Навбаҳор» ҳужумчиси Руслан Жиянов ва «Насаф» ҳужумчиси Хусайн Норчаев ҳам бор. Бу икки футболчи итальян мутахассис раҳбарлигида илк бор миллий жамоага чақирилмоқда.
«Биз имкони борича кўпроқ футболчиларни турли ўйин ҳолатларида синаб кўрмоқчимиз. Бу ўртоқлик ўйини ва у янги футболчилар салоҳиятини баҳолаш имконини беради», — деди Каннаваро.
Ўзбекистон ва Уругвай терма жамоалари ўртасидаги беллашув Куала-Лумпурдаги «Ханг Джебат» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 17:45 да бошланади. Ўзбекистон терма жамоаси аллақачон Малайзияга етиб борган ва ўйинга тайёргарликни якунламоқда.