Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасида йилига тахминан 4 миллион евро маош олади — ОАВ
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 52 ёшли италиялик мутахассис Фабио Каннаваронинг Ўзбекистон терма жамоаси билан ишлаши учун умумий мукофот пули, шу жумладан унинг мураббийлар штаби аъзолари меҳнатига тўланадиган ҳақлар билан бирга, йилига тахминан 4 миллион еврони ташкил этиши мумкин.
«Спорт-Экспресс» нашрининг хабар беришича, дастлаб Каннаваро Италия ёки Европанинг бошқа давлатларидан клублар ёки терма жамоалардан таклиф олишга умид қилган. Шу боис унинг Марказий Осиёга келиш борасида қарор қабул қилиш жараёнида маълум вақт танаффус бўлган. 2006 йилги жаҳон чемпиони ва «Олтин тўп» соҳиби билан Қозоғистон ҳам қизиқиш билдирган.
Натижада мутахассис ўзбек томони таклиф этган шартларни қабул қилиб, бир йиллик шартнома имзолади. Агар Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасини 2026 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқса, шартномани узайтириш ёки Европага қайтиш имконияти пайдо бўлади.
Кутилмоқдаки, унинг мураббийлар штабига 44 ёшли Паоло Каннаваро — Фабионинг укаси киритилади. У аввал Италиянинг С сериясидаги «Про Верчелли» клубида ишлаган бўлиб, 2024 йил ноябр ойида жамоани тарк этган эди.