Валюта курслари 21/11/2025
$1 – 11914.67
UZS – 0.03%
€1 – 13735.23
UZS – -0.36%
₽1 – 148.27
UZS – 0.53%
Қидириш
Жорий куз-қиш мавсумида пойтахт истеъмолчилари учун барқарор электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш таъминланмоқда

Жорий куз-қиш мавсумида пойтахт истеъмолчилари учун барқарор электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш таъминланмоқда

Жорий куз-қиш мавсумида пойтахт истеъмолчилари учун барқарор электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш таъминланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилда ҳам иссиқлик электр станциялари ва марказлари томонидан аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини электр ҳамда иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш чоралари кўрилди.

Жорий куз-қиш мавсумида Тошкент шаҳрида энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли тайёргарлик ва модернизация ишлари амалга оширилди.

Жумладан, Яккасарой туманидаги Тошкент иссиқлик электр марказида 5 та қозон агрегати ва 1 та газ-турбина қурилмасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Корхонада мазут ёқилғиси тўлиқ чиқариб ташланган бўлиб, электр ва иссиқлик энергияси фақат табиий газ асосидаги замонавий қурилмалар орқали ишлаб чиқарилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириқлари билан пойтахтда электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришда замонавий экологик тоза қурилмаларни жорий қилиш мақсадида 2024 йилда марказда қуввати 64 МВт бўлган янги 2 та газ-турбина қурилмалари ишга туширилди.

Натижада, йилига атроф-муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 200 тоннага камайишига эришилди.

Янги қурилмалар орқали йилига қўшимча 515 млн. кВт·соат электр ва 630 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, электр марказида 4 та автоматик мониторинг станцияси ва 1 та экопост ўрнатилди,  газ тармоқларида механик бирикма фильтрлари янгиланди.

Корхона Тошкент шаҳри марказида жойлашгани боис, экологияга ижобий таъсир кўрсатиш ва шаҳар кўркини ошириш борасида ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 15,5 гектар ер майдонида 16 490 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, “яшил белбоғ” яратилди.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги Тошкент иссиқлик маркази корхонасининг 9 та иссиқлик марказидаги 13 та қозонда мукаммал ва 47 та қозонда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Уларнинг умумий қуввати 4580 Гкал бўлиб, мавсум давомида истеъмолчиларга 60°–85° даражадаги иссиқлик етказилади.

Тошкент шаҳридаги 9 та иссиқлик марказининг 6 тасида (мазут ёқишга мослашган) мавжуд мазут ёқилувчи қозонларга газларни абсорбция усулида фильтрлаш тизими жорий қилинди. Шунингдек, мазутни қаттиқ механик бирикмалардан тозалаш қурилмалари ўрнатилди.

Аҳамиятлиси, пойтахтда мазут ёқилғисидан фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида 4-сон иссиқлик маркази ҳудудида қуввати 100 МВт бўлган янги газ-поршенли электр станциясини жорий йил охирида ишга туширилиши режалаштирилган.(Лойиҳа Хитойнинг CNTIC, “Vpower Holdings Singapore Pte. Limited”, “Vpower Holdings Singapore Pte. Limited” ҳамда “Cntic Vpower Thermal Energy”  компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.)

Ушбу газ-поршенли электр станцияси ишга туширилгач 50 та янги иш ўрини яратилиб, йилига ўртача 876 млн. кВт·соат электр ва 784 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида 15 млн. куб метр табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.

Мазкур электр станцияси орқали ўртача 365 минг хонадонни электр ва 58 мингта хонадонни иссиқлик энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, “Тошкент ИЭС” – мамлакатимиздаги йирик иссиқлик электр станцияларидан бири бўлиб, ўрнатилган қуввати 2 230 МВтни ташкил этади. Ҳозирда станцияда суткасига ўртача 20 млн. кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.

Электр станциясида ҳам экологик мувозанатни таъминлаш мақсадида жорий йилда энергоблоклардан чиқувчи тутун-газлари таркибини тозалаш учун “Енгли фильтр” қурилмаси қурилиб ишга туширилди.

Қурилма 1- ва 2-сонли энергоблоклардан чиқувчи тутун газларини тозалашга мўлжалланган бўлиб, чанг-газ тозалаш бўйича қуввати соатига
1,5 млн. м3, самарадорлиги 99,5 фоизни ташкил этади. Фильтрни ўрнатиш натижасида атмосферага ташланадиган тутун газлари таркибида қаттиқ заррачалар концентрацияси 100 мг/м3 дан 6 мг/м3 гача камайтиришга эришилди.

Шунингдек, корхонада қуёш фотоэлектр станциялари ва сув иситгичлари ўрнатилиши орқали йилига 110,7 тонна ташламалар чиқишининг олди олинди, иссиқлик тизимида техник сувдан фойдаланиш натижасида 350 минг кубметр ичимлик суви тежалди.

Президентимизнинг тегишли Фармонларига мувофиқ, тутун газларини чиқарувчи 3 та мўрига замонавий, юқори аниқликка эга автоматик мониторинг станциялари ўрнатилди ва улар орқали ташламалар доимий назорат қилиб борилмоқда. Замонавий технологиялар, экологик хавфсизлик тадбирлари ва янги қувватларнинг ишга туширилиши пойтахт инфратузилмасининг барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, пойтахт ҳавосига бўлган салбий таъсирни камайтириш, тизимда замонавий экологик самарадор технологияларни жорий этиш мақсадида 2017 йилнинг декабрь ойида Тошкент ИЭСда йирик энергетик лойиҳа - 370 мегаватт қувватли буғ-газ қурилмаси ишга туширилди.

Янги блокнинг асосий афзалликларидан бири - ёқилғи сарфи анча камайганидир. Илгари 1 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 370 грамм шартли ёқилғи талаб қилинган бўлса, ҳозирги технология бу кўрсаткични 223 граммгача пасайтиришга эришди. Бу нафақат иқтисодий самарадорликни оширди, балки экологик таъсирни ҳам сезиларли даражада камайтирди.

Замонавий буғ-газ қуримасининг ишга туширилиши натижасида йилига қўшимча 2,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ва 110 минг Гкал иссиқлик қуввати ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Ёқилғи сарфи камайгани ҳисобига йилига 350,9 миллион кубометр табиий газ тежалмоқда.

Айни вақтда Тошкент ИЭСда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 97 фоизини электр энергияси, қолган қисмини иссиқлик ташкил этади. Станциядан етказиб берилаётган иссиқлик қуввати атроф ҳудуддаги ўнлаб корхона ва ташкилотлар, шунингдек Тошкент ИЭС ҳудудидаги кўп қаватли уйлар ҳамда иссиқхоналарни иссиқлик билан таъминлаб келмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг