Валюта курслари 18/09/2025
$1 – 12254.27
UZS – -0.25%
€1 – 14516.41
UZS – 0.01%
₽1 – 147.89
UZS – -0.49%
Қидириш
Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланди

Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланди

Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат кадастрлар палатасининг Жиззах вилоятидаги туманлардан биридаги филиали бошлиғи туман ҳокимлиги томонидан ўзининг турмуш ўртоғи номига сотиш ҳуқуқисиз, ижара шартномаси асосида ажратилган 42 сотих ер майдонини харидорга сотиб, кейинроқ ҳокимият идораларидаги танишлари орқали кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 28 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Қумқўрғон туманида яшовчи, 1974 й.т. фуқаро Давлат кадастрлар палатасининг Жарқўрғон тумани филиали кадастр муҳандиси билан тил бириктириб, ўзи томонидан ноқонуний эгаллаб олинган, аслида Жарқўрғон тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 40 сотих ер майдонини харидорга 200 млн сўмга сотишга ва 4 млн сўм эвазига унинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришга келишади.

Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, 1974 й.т. фуқаро 200 млн сўмни, кадастр муҳандиси эса 4 млн сўмни олган вақтларида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг раиси ўзганинг номида бўлган 15 сотих майдондаги якка тартибдаги турар-жойни ва унга туташ жойлашган давлат захирасидаги 1 гектар 35 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 150 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 50 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР