Жим Рожерс АҚШдаги барча акцияларини сотди ва Ўзбекистон активларига инвестиция киритди
Жим Рожерс АҚШдаги барча акцияларини сотди ва Ўзбекистон активларига инвестиция киритди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Таниқли америкалик инвестор Жим Рожерс АҚШ фонд бозоридан тўлиқ чиқиб, ўзига тегишли барча акцияларни сотгани ва капиталининг бир қисмини Ўзбекистон активларига йўналтиргани ҳақида маълум қилди. РБК ёзишича, у бу ҳақда «РБК Инвестициялар» ва «Радио РБК»га берган йиллик янги йил интервьюсида айтган.
Рожерснинг сўзларига кўра, бундай қарор АҚШ бозорида эҳтимолий коррекция ва иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши бўйича хавотирлар билан боғлиқ. 2025 йилда кенг бозор индекси S&P 500 16 фоиздан ортиқка ўсиб, 6845,49 пунктга етган. Тарихий энг юқори кўрсаткич 26 декабр куни қайд этилган бўлиб, у 6945,77 пунктни ташкил этди, бу эса 2024 йил охирига нисбатан 18,1 фоизга юқори.
«Америка бозори яқинда тарихий максимумларга етди. У 2009 йилдан бери ўсиб келмоқда — бу АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган ўсиш давридир. Мен Америкадаги барча активларимни сотдим, чунки менингча, бу цикл ўз якунига яқинлашмоқда. Балки яна бир йирик ўсиш бўлиши мумкин, аммо мен АҚШда бор нарсамнинг барчасини сотдим», — деди инвестор.
Рожерс битимларнинг аниқ санасини айтмади, фақат улар 2025 йил охирига яқин амалга оширилганини таъкидлади.
Шу давр атрофида инвестор ўз портфелига ўзбек компаниялари акцияларини ҳам қўшган. Унинг сўзларига кўра, у «маҳаллий биржада савдо қилинаётган акцияларнинг деярли барчасини» сотиб олган. Айни пайтда «Тошкент» республика фонд биржасида банк, нефть-газ, телекоммуникация ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ифодаловчи 85 та эмитент акциялари муомалада.
Рожерс Ўзбекистон фонд бозорига қизиқишини яна 2021 йилдаёқ билдирган, аммо ўша пайтда бу юрисдикцияда активларга эгалик қилмаган. У Forbes нашрига берган интервьюсида мамлакат иқтисодиётининг очилиши, хусусийлаштириш ва IPO режалари халқаро инвесторлар томонидан катта қизиқиш уйғотиши мумкинлигини таъкидлаган эди.
Рожерс ўз портфелида фақат ўзбек компаниялари акциялари мавжудлигини алоҳида қайд этди, мамлакатнинг суверен облигацияларини эса сотиб олмаган. Шу билан бирга, инвестор Ўзбекистон миллий валютасига ишонч билдириб, сўм бўйича валюта хавфларини хедж қилмаганини маълум қилди.
Айни пайтда Рожерс Хитой компаниялари акцияларини ушлаб турганини ҳам тасдиқлади. Хусусан, у аввалроқ Air China ва China Eastern авиакомпаниялари акцияларига эгалигини айтган эди. Бироқ бозорнинг жадал ўсиши фонида хитой активларидан чиқиш эҳтимолини ҳам истисно қилмади.
«Хитой бозори сўнгги пайтларда деярли тўхтовсиз ўсмоқда. Балки менга бу акцияларни сотишга тўғри келар, чунки ҳамма нарса қимматлашяпти. Ҳозирча ўйлаб кўряпман», — дея хулоса қилди у.