Валюта курслари 17/12/2025
$1 – 12105.56
UZS – -0.2%
€1 – 14232.51
UZS – -0.09%
₽1 – 152.56
UZS – -0.31%
Қидириш
Женевада "Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китобининг тақдимоти бўлди

Женевада "Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китобининг тақдимоти бўлди

Женевада "Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китобининг тақдимоти бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 16 декабрь куни Женева шаҳридаги Миллатлар саройида "Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ҳузуридаги доимий вакили Э.Тошматов, Женева Дипломатик доираси президенти Ф.Блюм, Diva International журнали бош муҳаррири Марит Фоссе, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, эксперт доиралари ва оммавий ахборот воситаларининг 50 дан ортиқ вакили иштирок этди.

Иштирокчилар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, иқтисодиёт, таълим, гендер тенглик ва ташқи сиёсат соҳаларидаги ўзгаришлар ҳақида фикр алмашдилар.

Таниқли ўзбек сиёсатшуноси, сенатор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов қаламига мансуб ушбу китобда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий босқичлари ва Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган тизимли ўзгаришлар акс эттирилган. Нашр давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий сиёсат, гендер тенглик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсатидаги ўрни бўйича таҳлилий қарашларни ўзида мужассам этган.

Тадбир давомида иштирокчилар китобнинг асосий ғояларини муҳокама қилдилар ва мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар суръати ҳақида фикр алмашдилар. Қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, иқтисодий институтларни модернизация қилиш, аёллар ва ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал дипломатиядаги ролини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сўзга чиққанлар китоб энг янги ислоҳотлар мантиғи ва давлат тараққиётининг стратегик йўналишини янада чуқур англаш имконини берувчи қимматли тадқиқот эканлигини таъкидладилар. Иштирокчиларнинг фикрича, тақдим этилган асар Ўзбекистонда рўй бераётган трансформация жараёнларини теран тушунишга интилаётган халқаро ҳамжамият учун муҳим манба ҳисобланади.

"Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китоби дипломатлар ва экспертлар томонидан давлатнинг сиёсий иродаси, ижтимоий талаблари ва модернизация суръатлариини акс эттирувчи холис ва кенг қамровли асар сифатида юқори баҳоланди.

Женевадаги тадбир замонавий Ўзбекистон ҳақидаги билимларни тарғиб қилиш учун муҳим майдонга айланди ва мамлакатнинг халқаро ҳамкорлар билан очиқ ва конструктив мулоқотга интилишини янга бир бор намоён этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг