Жавоҳир Синдаров Tata Steel Chess нуфузли турнирида бирорта ҳам мағлубиятсиз кумуш медални қўлга киритди
Жавоҳир Синдаров Tata Steel Chess нуфузли турнирида бирорта ҳам мағлубиятсиз кумуш медални қўлга киритди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров нуфузли Tata Steel Chess турнирида 13 та имкониятдан 8,5 очко жамғариб, кумуш медаль соҳиби бўлди.
Синдаров мусобақа иштирокчилари орасида бирорта ҳам учрашувда мағлубиятга учрамаган ягона шахматчи бўлди.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу турнир Синдаров учун илк иштирок бўлиб, у биринчи уринишдаёқ кумуш медални қўлга киритишга муваффақ бўлди, бу эса жуда юқори натижа ҳисобланади.
Медалдан ташқари, Синдаров сезиларли рейтинг очколарини ҳам қўлга киритди. Турнирга қадар у жаҳон онлайн-рейтингида 21-ўринда бўлган бўлса, мусобақадан сўнг дарҳол 11-ўринга кўтарилиб, шахсий рекордини янгилади.
Аввалроқ хабар қилинганидек, худди шу турнирда Нодирбек Абдусатторов 13 та имкониятдан 9 очко тўплаб, барча рақибларини ишончли тарзда ортда қолдирган ҳолда чемпионлик унвонини қўлга киритган эди.