Валюта курслари 03/09/2025
$1 – 12422.90
UZS – -0.3%
€1 – 14457.77
UZS – -0.6%
₽1 – 154.30
UZS – -0.49%
Қидириш
Жанубий Кореянинг Mom’s Touch тармоғи Ўзбекистон бозорига кирмоқда

Жанубий Кореянинг Mom’s Touch тармоғи Ўзбекистон бозорига кирмоқда

Жанубий Кореянинг Mom’s Touch тармоғи Ўзбекистон бозорига кирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жанубий Кореянинг фастфудга ихтисослашган Mom’s Touch компанияси ўзбекистонлик One Food компанияси биланфраншиза шартномаси тузиб, жорий йилда Тошкентда ўзининг илк ресторанини очади. Бу ҳақда душанба куни Mom’s Touch хабар берди.

Шартнома Mom’s Touch бош директори Ким Дон-жон ва One Food раҳбари Зафар Хўжаев томонидан Сеул шаҳридаги Чун-гу туманида жойлашган Mom’s Touch and Company холдинг штаб-квартирасида имзоланди. One Food франшизани амалга ошириш мақсадида ўзбекистонлик логистика компанияси UHL томонидан махсус ташкил этилган.

Келишув шартларига кўра, тармоқ Ўзбекистонда 60 та ресторан очишни режалаштирмоқда, бу ҳозирча Тошкентда қовурилган товуқ ва бургер бозорида етакчи бўлиб турган KFC нуқталари сонидан икки баробар кўп. Mom’s Touch’нинг пойтахтдаги илк ресторани шу йилнинг ўзида ишга тушиши кутилмоқда.

Жанубий Корея компанияси ушбу келишувни Марказий Осиё бозорларига, жумладан Қозоғистон ва Қирғизистонга, шунингдек Россия ва Яқин Шарқ давлатларига ҳалол таомлар билан кенгайиш бошланиши сифатида баҳоламоқда.

Зафар Хўжаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон истеъмолчилари ҳозирча Кореядагидек қовурилган товуқни унчалик фаол танламайди, шунинг учун фақатгина ушбу йўналишдаги таомлар муваффақиятли савдо учун етарли эмас. «Биз фақат товуқ ва бургердан кенгроқ ассортимент таклиф этадиган бренд излаган эдик. Mom’s Touch энг рақобатбардош вариантдек туюлди», — деди у.

Компания вакиллари қайд этишича, товуқ таомларига ихтисослашув ўзбекистон бозорида яхши истиқбол очади, чунки аҳолининг 88 фоизи ислом динига эътиқод қилади ва чўчқа гўштини истеъмол қилмайди. «Бу келишув Корея фастфуд тармоғи Марказий Осиё бозорига тўғридан-тўғри бошқарув эмас, балки мастер-франшиза орқали киришига оид илк ҳолат бўлди», — деди Mom’s Touch вакили.

Mom’s Touch Жанубий Кореядаги энг йирик тезкор овқатланиш тармоғини бошқаради — 1 460 та маскан. Чет элларда эса бренд Таиланд, Монголия, Япония ва Лаосда фаолият кўрсатмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР