Жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ 2025 йил фаолияти якунлари муҳокама қилинди

Жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ 2025 йил фаолияти якунлари муҳокама қилинди

Жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ 2025 йил фаолияти якунлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бугун мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқарувчи асосий генерация тармоқларидан ҳисобланади.

2025 йил давомида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан жами 30,3 млрд. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу режага нисбатан 2,8 млрд.кВт.соатга кўп бўлиб, қўйилган вазифа 110 фоизга бажарилди. Шунингдек, 9,5 млн. Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, режа 100 фоизга бажарилди.

2025 йилда инвестиция лойиҳалари доирасида 583,84 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилди, бунда белгиланган режа ижроси 110,1 фоизни ташкил этди. Инвестиция дастури доирасида янги, замонавий, энерготежамкор қурилмаларни жорий этиш мақсадида 2025 йилдаги йирик лойиҳалардан бири – “Толимаржон ИЭС” АЖда 1065 МВт қувватга эга янги буғ-газ қурилмаси ҳамда  Юнусобод туманидаги 4-сонли иссиқлик маркази ҳудудида 100 МВт қувватга эга замонавий газ-поршен электр станцияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида янги энергетика қувватларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларини қуришга бағишланган тантанали маросимда ишга туширилди. Айни пайтда, Навоий ИЭСда эса 650 МВтга эга 3-сонли буғ-газ қурилмасини қуриш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, пойтахтимизнинг сўнгги нуқталарида жойлашган аҳолини  иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида Сергели туманидаги “Ўзгариш” маҳалласи ҳудудида янги, замонавий, энерготежамкор когенератция қурилмаси барпо этилди. Бу ерда 2,3 МВт электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган газ-поршен қурилмаси ҳамда 10 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи 2 та Bosch қозонлари ўрнатилди. Натижада иссиқлик тармоқларидаги йўқотишлар 90 фоизга камайтирилишига, қўшимча равишда йилига 18,4 млн. кВт соат электр энергияси ва 46 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилишига ҳамда 220 млн. кубметр табиий газ тежалишига эришилади. Айни пайтда ҳудди шундай лойиҳалар пойтахтнинг 7 та (Янгиҳаёт, Яшнобод, Учтепа, Миробод, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек ва Юнусобод) туманларида бунёд этилиши режалаштирилган.

Иссиқлик электр станциялари ва марказларини 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида жами 35 та энергоқурилмаларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада энергоқурилмаларнинг мавжуд қуввати 59 МВт ҳамда қозон қурилмаларининг ишлаб чиқариш қуввати 45 тонна/соатга оширилишига эришилди.

Ҳисобот даврида акциядорлик жамиятида корпоратив бошқарув ва стратегик ривожланиш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Жамият жаҳонда ривожланган компаниялар қаторида республикада биринчилардан бўлиб, ИСО 27001 (ахборот хавфсизлиги),  ИСО 37001 (коррупцияга қарши курашиш менежменти тизимлари – фойдаланиш бўйича талаб ва тавсиялар) ИСО 44001 (корпоратив бошқарув) ҳамда ИСО 50001 (энерго тизим бошқаруви), ИСО 45001 (меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги), ИСО 14001  (экологик хавфсизлик) халқаро сертификатларини қўлга киритди.

Катта тўртлик (Big Four) аудиторлик ташкилотлари сарасига кирувчи “Делойт” халқаро аудиторлик ташкилотининг тегишли ҳулосалари олинганидан сўнг, 2026 йилнинг 16 мартида “Фитч Рэйтинг” халқаро рейтинг агентлиги “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятининг халқаро индикатив рейтингини “ББ” “Барқарор” даражада сақлаб қолди ва Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингига тенг даражада деб эълон қилди.

Шу билан бирга, Жамиятнинг корпоратив бошқарув тизимини 2025 йил якуни бўйича баҳолаш натижасига кўра, 874 балл берилди ва жамиятда корпоратив бошқарув тизими ҳолати “юқори” деб эътироф этилди.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ инсон капиталига  доимий эътибор қаратади. Шу мақсадда 2025 йилда Жамият ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаларини ошириш бўйича йиллик режа-жадвалга асосан йил давомида 7 мингдан ортиқ ходимнинг малакаси оширилди. Жамият ва тизим корхоналарининг 88 нафар ходими Россия, Хитой, Туркия, Қирғизистон, Япония давлатларида ташкил этилган турли халқаро форум ва семинарларда малака ошириб қайтди.

2025 йилда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида коррупцияга қарши комплаенс хизмати фаолияти самарали ташкил этилди.

 Жамиятда коррупцияга қарши курашиш фаолияти Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган 12 та ички меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинган, ҳамда ИСО 37001:2016 халқаро стандартига мувофиқлаштирилган.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ коррупцияга қарши курашиш борасидаги 2025 йил якуний кўрсаткичлари “Е-Антикор.уз” электрон платформаси доирасида рейтинг асосида баҳоланиб, фаолият самарадорлиги 70 балл билан “қониқарли”, даражада қайд этилган.

Яна бир муҳим йўналиш - бугунги кунда энергетика тармоғи корхоналарининг ижтимоий ва экологик масъулияти ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар натижасида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ESG (Environmental, Social and Governance) халқаро рейтингини қўлга киритди.

Ушбу муваффақият компанияда барқарор ривожланиш тамойиллари ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётганининг ёрқин тасдиғидир. Бу натижа экологик масъулиятни ошириш, ижтимоий сиёсатни такомиллаштириш ва ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасидаги тизимли ишларнинг мевасидир. Шунингдек, у корпоратив бошқарувда замонавий ва шаффоф стандартлар устувор эканлигини англатади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг