Жаҳон банки вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 апрель куни Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг йиллик баҳорги учрашувлари доирасида Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланиш бўйича директори Самеҳ Ваҳба ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Тимур Ишметов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг натижалари, келгусида ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, хусусан, ирригация соҳасини такомиллаштириш, инфратузилма лойиҳаларини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ҳамкорликдаги фаолият доирасида самарадорликни янада ошириш юзасидан муҳокамалар олиб борилди.
Шунингдек, учрашув доирасида томонлар давлат-хусусий шериклик дастурлари асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, энергия етказиб бериш тизимини модернизация қилиш, барқарор иссиқлик тизимини шакллантириш ҳамда энергия самарадорликни ошириш ва ҳудудларда сув ресурсларини самарали бошқаришни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва янада ривожлантириш ҳамда белгиланган мақсадларга эришишда самарали ва тизимли фаолият олиб боришга келишиб олди.