Жаҳон банки Тошкентда давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш бўйича семинар ўтказди
Жаҳон банки Тошкентда давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш бўйича семинар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида Жаҳон банки ваколатхонасида давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш масаласига бағишланган семинар ўтказилди. Тадбир Банкнинг Европа ва Марказий Осиё минтақасида харидлар бўйича амалиёт менежери Фелипе Гоянинг ташрифи доирасида ташкил этилди.
Семинарда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, электрон давлат харидлари платформалари ҳамда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки каби халқаро молиявий институтлар вакиллари иштирок этди.
Семинар иштирокчилари бир қатор долзарб масалаларни муҳокама қилдилар, жумладан:
Жаҳон банки томонидан ўтказилган Давлат харидлари тизимини баҳолашнинг асосий хулосалари, шу жумладан давлат харидлари соҳасидаги ислоҳотларнинг жорий ҳолати, ушбу соҳанинг ривожланишидаги асосий тўсиқлар ва уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар;
Ўзбекистонда Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки томонидан алоҳида ўтказилган давлат органларининг харидлар соҳасидаги салоҳиятини ривожлантириш бўйича тадқиқотларнинг асосий натижалари;
Электрон давлат харидлари (eGP) тизимларини алоҳида соҳаларда жорий этиш бўйича устувор чора-тадбирлар, шу жумладан халқаро молиявий институтлар томонидан мамлакат расмийларига керакли кўмак кўрсатилиши мумкин бўлган йўналишлар;
Ўзбекистонда турли давлат эҳтиёжлари учун экологик тоза ва энергия тежамкор товарлар ҳамда хизматларни харид қилишга устуворлик берувчи «яшил» давлат харидларини ривожлантириш амалиёти, шунингдек ушбу соҳадаги тегишли чора-тадбирларнинг амалга оширилишини кузатиб бориш учун ишончли механизмларни яратиш.